“Рома” ҳужумида ўзгариш. Бир ҳужумчи кетади!
Жозе Моуриньо жамоаси ҳужумида мунтазам ўйнайдиган футболчилар шаклланиб бўлди. Портагулиялик мутахассис олдини чизиқда асосан Тэмми Абрахам ва Николо Дзаньоло тандемидан фойдаланмоқда. Асосий ўринбосар мақомида Феликс Афена-Гьян ва Стефан Эл-Шааравини кўриш мумкин.
Элдор Шомуродов ва “Барселона” тарбияланувчиси Карлес Перес айрим учрашувлардагина бир неча дақиқага майдонга туришилмоқда.
Италия матбуотининг хабар беришича, испаниялик ҳужумчи жамоадаги аҳволидан қониқмаяпти ва ёзда бошқа жамоага ўтишни режалаштиряпти. Чунки ёзда Моуриньо ўз жамоасига Александр Ляказетт каби тажрибали ҳужумчини олиб келмоқчи. Франциялик юлдуз Италия пойтахтига кўчиб, ўтса, Шомуродов сингари Переснинг ҳам асосий таркибга кириш имконияти янада пасайиб кетади.
Маълумотларга қараганда, Карлес Пересга Бундеслига вакили “Кёльн” жиддий қизиқиш билдиряпти. Шунингдек, испан ҳужумчиси ўз ҳамюртларидан ҳам бир жуфт таклиф олган.
Карлес Перес 2020 йилнинг январида “Барселона”дан Римга кўчиб ўтган эди. 24 ёшли ўйинчи жорий мавсумда барча турнирларда 21 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини икки марта ишғол қилди ва битта голли пас оширди.
Кумбулла юбилейга тайёр
Конференциялар лигаси нимчорак финал жавоб учрашуви Мараш Кумбулла учун “рома” таркибидаги 50-ўйин сифатида қайд этилади.
Албаниялик ҳимоячи жамоани Жозе Моуриньо қабул қилиб олганидан кейин асосий таркибдаги жойини йўқотган эди. Бироқ, 22 ёшли футболчи мавсум давомида ўзига берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, португалиялик мутахассис ишончини оқлади ва кейинги пайтда мунтазам бошланғич таркибда кўриниш беряпти.
Истеъдодли марказий ҳимоячи жорий мавсумда барча турнирларда 21 та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди.
Италиянинг бир неча клублари Мараш Кумбуллани ўз сафига қўшиб олиш мақсадида унинг ўйинларини кузатиб бормоқда.
Оливейра қолса, Верету кетади!
Жозе Моуриньо январь ойида “Порту”дан ижарага олинган универсал ярим ҳимоячи Сержиу Оливейрани келаси мавсумга ҳам ўз жамоасида олиб қолмоқчи.
Бунинг учун “Рома” клуби португалияликларга яна 12 миллион евро миқдорида бадал пули тўлаши талаб этилади. Клуб хўжайинлари бу трансферга шошилмасдан тажрибали футболчининг ўйинини мавсум охиригача таҳлил қилиш кераклигини таъкидламоқда.
Футболчининг агенти Жорже Мендеш ҳам уни Римда қолиши учун бор маҳоратини ишга солмоқда.
Агар Сержиу Оливейра “Рома”да тўлиқ кўчиб ўтадиган бўлса, раҳбарият франциялик легионер Жордан Веретуни сотиб юборади. Гол уришни яхши кўрадиган бу таянч ярим ҳимоячисига “Ньюкасл”дан таклиф бор. Шунингдек, “Милан” ҳам уни ўз нишонида ушлаб турибди.
“Рома” Жордан Верету трансферидан 20 миллион евро ишлаб олмоқчи ва ана шу маблағнинг бир қисмини Оливейрани олиб қолишга сарфлашни режалаштирган.
Вильяр “Рома”га қайтмоқчи
“Рома”да ишлари юришмаганидан кейин қишки трансферлар вақтида ижара асосида “Хетафе”га ўтиб кетган Гонсало Вильяр Испания чемпионатида ҳам ўзини кўрсата олмаяпти.
Истеъдодли ярим ҳимоячи Ла Лигада уч марта кўриниш берди ва жами 29 дақиқа ҳаракат қилди.
Унинг агенти Алехандро Каманьо мижозининг фаолиятига баҳо бериб, Гонсало келаси мавсум “Рома” сафига қайтишини маълум қилди.
- Гонсало ҳозир катта тажриба тўплаяпти. Вильяр катта истеъдодги эга ёш ўйинчи. Испаниялик мухлислар вақти келиб бунга амин бўлади.
Моуриньо “Рома”ни қабул қилиб олганида мен унинг Вильярга имкон бермаслигини ва футболчи бошқа ерда ўйнашини истаётганини тушиниб етганман. Бу унинг ҳар томонлама кучайиши учун керакли ҳолат. Вақти келиб, Вильяр “Рома” учун муҳим ўйинчига айланади. Ҳозир унинг римликлар билан шартномаси амалда. Кейинги мавсум у Римга қайтади, - деди Алехандро Каманьо.
Фикрлар