"Бу тасодиф бўлса керак, менимча янги мураббийни талабларига мос тушмадик" - илк бор легионерга айланган футболчимиз ҳақида

Бангладеш чемпиони “Башухандра” жамоасида ҳамюртимиз Асрор Ғофуров тўп суриб келаётганини билсангиз керак. Энди ушбу клубдаги легионерларимиз сони иккитага етди.

Ғофуровдан кейин яқинда Бобур Йўлдошев “Башухандра” аъзосига айланди. Иқтидорли ҳимоячининг фаолиятида янги саҳифа очилди. Куни кеча у Sports.uz сайтига интервью берди.

- Бобуржон, фаолиятингизни илк бор легионер сифатида четда давом эттиришга қарор қилдингиз. Нима учун айнан Бангладеш чемпионатини танладингиз?

- Албатта, биринчи марта легионер бўлиб четга чиқдим. Айнан Бангладеш чемпионати – бу менимча тасодиф бўлса керак. Бу ерда ҳеч қанақа маъно йўқ. Нимагаки, молиявий жиҳати ва умуман ҳар томонлама менга тўғри келгани учун шу вариантни танлашга қарор қилдик, албатта, яқинлар билан маслаҳатлашган ҳолда. Боя айтдим, буни тасодифан деса ҳам бўлади. Чунки “Сўғдиёна”дан кетишим тўсатдан ҳал бўлди. Бангладеш варианти пайдо бўлгач, шуни танлашга қарор қилдик.

- Янги жамоангизда ҳамюртимиз Асрор Ғофуров ҳам тўп сурмоқда. Унинг борлиги у ерга мослашишда катта ҳисса қўшяптими? Умуман, таассуротлар қандай?

- Ҳа, у ерда Асрор Ғофуров бор, бирга ўйнаймиз. Ҳамюртим борлиги учун жамоада ҳеч қанақа муаммо йўқ. Ҳар томонлама менга ёрдам беряпти. Кўникишимга ва умуман барча нарсада менга тушунтириб, кўмаклашяпти. Таассуротим мен ўйлагандан кўра яхшироқ.

бобур4

- Биринчи даврада “Сўғдиёна”да эдингиз. Ярим мавсумдан кейин у ердан кетишингизга нима туртки бўлди?

- Кўпроқ мураббий алмашгани билан боғласак бўлади. Янги мураббий келди ва янги талабларни қўйди. Менимча, янги мураббийни талабларига мос тушмадик. Кейин икки томонлама келишган ҳолда кетишга қарор қилдим. Бу ерда ҳеч қанақа ажабланарли жойи йўқ. Янги мураббий келганида менда жароҳат бўлиб қолди. Тикланиш учун барибир вақт керак бўлади. Шунингдек, тикланишдан кейин ҳам спорт формасига қайтишга вақт зарур. Менимча, мураббий кўпроқ ёшларга имконият бергиси келди.

- Легионер сифатида у ерда олдингизга қандай мақсад қўйгансиз?

- Легионер сифатида мақсад қандай? Хорижга чиққандан кейин мақсад биринчи навбатда молиявий ҳолат яхшиланишга эътибор қаратасиз, буни яширишни кераги йўқ. Бундан ташқари, бу ерга келдикми, ўзбек бўлганимиз учун ўзимиздан яхши таассурот қолдиришни истаймиз ва жамоамизга қўлдан келганича ёрдам беришни хоҳлаймиз. Тез орада Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаймиз. 15 августда ўйнимиз бор. Агар ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олмаган тақдиримизда ҳам ОФК Кубогида иштирок этамиз. У ерда ҳам қўлимиздан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

бобур6

- У ерда қайси рақамни танладингиз ва нима учун?

- Рақамим 44 ва шуни танладим. Чунки илгари ҳам 44-рақамда тўп сурганман. 4 ни ёқтираман. Шунинг учун 44 ни танладим.

- Бангладеш чемпионатида сизни нима ҳайрон қолдирди?

- Ҳали Бангладешда чемпионат бошланмади. Бошланса кўрамиз. Менинг жамоамда яхши ривожланиш бор. Янги база қуриляпти. Машғулот майдонлари ва ўз стадиони бор. Бир сўз билан айтганда, Бангладешдаги энг яхши, чемпион жамоа. 4 йилдан бери чемпион бўлиб келяпти. Ҳали ҳайрон қолдирган томонларини кўрмадим. Албатта, савия бўйича анча фарқ бор.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!