Буффон ўзига янги жамоа танлади

“Ювентус”нинг афсонавий дарвозабони Жанлуижи Буффон мавсум якунланиши билан Турин клубини тарк этишга қарор қилди.

43 ёшли посбон клубдан кетса-да, катта футболдаги фаолиятини давом эттиради. А Серия ва Италия кубогида бештадан учрашувда майдонга тушган Буффон “Ювентус”нинг жорий мавсумда катта совринлар юта олишига ишонмаяпти. Чунки, туринликлар чемпионатда Милан клубларидан анча ортда қолмоқда ва Чемпионлар лигасини жуда эрта тарк этди.

Қария дарвозабон келаси мавсум ҳам туринликларнинг захира ўриндиғида қолишни истамаяпти. У профессионал фаолиятини бошлаган “Парма”га қайтиб, асосий дарвозабон сифатида бир йил ўйнамоқчи ва шундан сўнг қўлқопини михга илишни режалаштирган.

“Ювентус” Буффонни 2001 йилнинг ёзида “Парма”дан 52,8 миллион еврога трансфер қилган эди. Бу рекорд сумма 17 йил сақланиб турди. Буффон фаолияти давомида жами 926 та учрашувда майдонга тушган ва шулардан 416 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!