Бугун
Ads

Бундан бир неча кун олдин Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасида келишувга эришгани ҳақида хабар қилгандик.

Учрашувда Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов ва ЎзМТРК раиси Алишер Ходжаев "Спорт" телеканали орқали янги онлайн дастур ташкил қилиш масаласини ҳам муҳокама қилгандилар. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

Ана шу келишув самараси ўлароқ, бугун "Спорт" телеканалида махсус "Спорт клуб" дастурининг биринчи сони эфирга узатилади. Унда Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари, юртимиздаги етакчи спорт федерациялар раҳбарлари, ўзбек спортининг ёрқин юлдузлари жонли эфирда мухлислар саволларига жавоб қайтарадилар.

Республикамиз Президентининг турли соҳага масъул бўлган раҳбарлар халқ олдида ҳисоб бериши лозимлиги, фуқароларимиз билан мулоқот қилиши ва уларнинг саволларига аниқ-тиниқ жавоб қайтариши юзасидан берган кўрсатмаларига асосан, бугундан эътиборан спорт соҳаси учун ҳам алоҳида онлайн дастур ташкил этилмоқда.

Бугун соат 19:00да "Спорт" телеканалида бошланадиган кўрсатувда мухлислар жонли эфирда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин бўлади.