Бунақа ўйинчи керак эмас! Анчелотти бир фуболчини “Реал”дан ҳайдаяпти
“Реал” ҳимоя чизиғида ўйинчи етишмаслик туфайли қийналаётган бўлишига қарамай, бош мураббий Карло Анчелотти 27 ёшли марказий ҳимоячи Хесус Вальехонинг клубдан кетишини истаяпти.
AS нашрининг ёзишича, италиялик мутахассис испан футболчисини “Реал” даражасига мос келмаслигини таъкидламоқда. Ҳатто, таркиб танлашда марказий ҳимоячига эҳтиёж юзага келган паллада ҳам мураббийлар штаби бошқа позициядаги ўйинчиларни ҳимоя ўртасида ўйнатишни ечим сифатида қўлламоқда.
Бош мураббий қарашларидан келиб чиқиб, клуб мутасаддилари Хесус Вальехога янги битим таклиф қилмайдиган бўлди. Унинг амалдаги шартномаси ёзда тугайди.
Вальехо “Сарагоса” тарбияланувчиси ҳисобланади ва “Реал”га 2015 йили олиб келинган. Бироқ бу ҳимоячи келганидан бери асосий таркибга киритилмаяпти.
“Қироллик клуби” қарийб ўн йилдан бери Хесус Вальехони “Сарагоса”, “Айнтрахт”, “Вулверхемптон”, “Гранада” каби жамоаларга ижарага жўнатмоқда.
Фикрлар