"Бунёдкор" бош мураббийи: "Мен ҳеч кимнинг паспортидаги ёшига қарамайман"

Ўзбекистон Суперлигаси 14-турида ўз майдонида “Сўғдиёна”га мағлубиятга учраган “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Александр Крестинин мағлубият сабаблари, янги футболчилар, адаптация ва иккинчи даврадаги режалар ҳақида гапирди.

“Албатта, бугунги натижа қониқтирмади. Икки хил тайм кўрдик. Иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнадик, аммо вазиятлардан фойдалана олмадик. Жамоада  ўзгаришлар қиляпмиз ва ҳали олдимизда бажарилиши керак бўлган ишлар кўп”, - деди мураббий.

“Ички муҳитимизда ҳозирда муаммо йўқ. Бугунги мағлубиятдан футболчилар ҳам анча асабийлашишди, ҳафа бўлишди. Улар бундан кўпроғига қодирликларини билишади.

Иккинчи ўтказиб юборилган голимизда Таиранинг айби йўқ. Уни икки футболчи ўзаро пас ўйнаб ортда қолдириб кетишди. Бу вазиятда савол бошқаларга берилиши керак. Бу вазиятни кўриб чиқамиз. Таирага ҳам, янги қўшилган бошқа футболчиларга жамоамизга мослашишлари учун вақт керак.

Ўйинга ким тайёр бўлса, майдонга шу футболчи тушади. Таркибни ўйин куни танлаймиз. Мен ҳеч кимнинг паспортидаги ёшига қарамайман. 

Бизнинг мақсадимиз иккинчи даврадаги барча ўйинларда ғалаба қозониш. Ўйин ва психологик жиҳатдан муаммолар бор. Уларни бартараф этиш йўлларини излаймиз. Бу ҳали жуда кўп ишлар қилиниши кераклигини билдиради. Мавсумни қандай ўринда тугатишимизни билмайман. Ҳозир ҳар ўйинда ғалаба қозониш ҳақида ўйлаяпмиз".

ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!