"Бунёдкор" ҳимоячиси: "Гол урмасам бўлмасди"
“Бунёдкор” клуби узоқ кутилган танаффусдан сўнг 15-турга келиб ўзининг иккинчи ғалабасини қўлга киритди. Ўз майдонида “Андижон”га қарши бўлиб ўтган учрашувда “Қалдирғочлар” 2:0 ҳисобида устунликка эришди.
Айниқса, иккинчи бўлим охирларида ҳимоячи Бобур Йўлдошевнинг боши билан киритган голи “Бунёдкор”нинг ғалабасини мустаҳкамлади. У иккинчи даврада жамоа сафига қўшилди ва ўзини кўрсатишни бошлади.
Ушбу ўйинчи эса Sports.uz мухбирининг бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Бобуржон, аввало, ўйин ҳақида сўрамоқчиман. “Бунёдкор” “Андижон”га қарши учрашувда яхши таассурот қолдирди. Қандай фикрлар билдира оласиз?
- Ўйин ҳақида келадиган бўлсак, қийин бўлишини билгандик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Кўплаб янги келган футболчилар бор. Ўйинимиз ўйиндан-ўйинга яхшиланиб боришига ишонаман.
- Ниҳоят, сиз ҳам гол уришга эришдингиз. Гол уришингизни ўйлаганмидингиз?
- Ниҳоят (кулади). Ҳамма ҳам учрашувда гол уришни ният қилади. “Андижон” билан учрашувда менда бир қатор имкониятлар бўлди. Гол урмасам бўлмасди. Бу албатта, насиб. Гол уриб жамоамнинг ғалабасига ҳисса қўшганимдан хурсандман.
- “Андижон”ни канчалик ўргангандинглар ва рақиб ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳамма қатори бу рақибни ҳам ўрганиб чиққандик. “Андижон” кўпроқ стандарт ва қарши ҳужумларда хавфли эканини билардик. Улар бежизга жадвалнинг юқори қисмида туришгани йўқ.
- “Бунёдкор”ни олдинда Ўзбекистон Кубоги чорак финалида “Пахтакор”га қарши муҳим ўйин кутмоқда. Бу борада мақсад қандай ва нима кутяпсиз?
- Мақсад албатта қозониб кейинги босқичга чиқиш. Худо хоҳласа, жамоа билан ҳамжиҳат бўлиб ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Қолгани Худодан.
- Охирги голингизни қачон ва кимга ургандингиз, ёдингиздами?
- Адашмасам, Ўзбекистон чемпионатида “Қизилқум” таркибида “Қўқон-1912” дарвозасига гол урганман.
- “Бунёдкор”га мослашиб бўлдингизми? Жамоа олдинги мавқеини тиклашига қанча вақт керак, деб ўйлайсиз?
- Мослашиб бўлдим. Боя айтганимдек, бир қатор янги келган футболчилар бор. Улар ҳам жамоага киришиб кетишди. Жамоа мавқеини тиклашига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар