"Бунёдкор" Минскда йиғин ўтказади

Ўзбекистон Профессионал лигаси доирасидаги мусобақаларнинг барчаси экваторига етиб келди. Табиийки, энди жамоалар ёзги танаффусга йўл олади ва маълум муддатдан сўнг мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликни бошлайди.

Жумладан, “Бунёдкор”нинг барча жамоалари шу кунларда ёзги танаффусга йўл олди.

 “Бунёдкор”

Суперлиганинг 13-турида “Пахтакор” меҳмони бўлиб, ажойиб ғалабани тантана қилган Виктор Карпенко бошчилигидаги асосий жамоамиз аъзолари кечадан таътилга чиқди. “Қалдирғочларимиз” иккинчи даврага тайёргарликни 8 июлдан бошлайди. Футболчиларимиз шу куни эрталаб “Бунёдкор” академиясининг тиббиёт марказида шифокорлар кўригидан ўтади, тушдан сўнг машғулотлар бошланади. Орадан уч кун ўтиб, яъни 11 июль куни йиғин Беларус пойтахти Минск шаҳрига кўчади. Хориж йиғини 23 июлга қадар давом этади.

 “Бунёдкор U-21”

Кеча акаларининг ортидан бориб сафарда “Пахтакор”дан устун келган Абдуҳамид Қодиров мураббийлигидаги ўринбосарларимиз ҳам ёзги таътилни хушкайфиятда ўтказади. Акаларидан фарқли равишда ўринбосарларимиз таътилдан 7 июль куни қайтади. 17 июлга қадар Тошкентда шуғулланадиган ўринбосарларимиз 18 июль куни Хорватияга йўл олади. Европадаги йиғин 30 июлда якунига етади.

 “Бунёдкор U-19”

Ўтган куни “Сурхон”ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўсмирларимиз ҳам акаларидан қолишмади. Шундан сўнг Ринат Мифтахутдинов шогирдлари 11 июлга қадар таътил чиқди. Жамоа айнан шу куни мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликни бошлайди. Машғулотлар одатдагидек “Бунёдкор” академияси майдонларида ўтказилади.

 “Бунёдкор-2”

Миркамол Қосимов мураббийлигидаги “Бунёдкор-2” ҳам ёзги таътилни яхши кайфиятда ўтказмоқда. 1-лиганинг 9-туридан қолдирилган баҳсда “Андижон-2”ни қабул қилиб, меҳмонларни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратган жамоамиз шундан сўнг танаффусга йўл олган эди. “Бунёдкор-2” мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликни 15 июлдан бошлайди.

 “Бунёдкор-W”

Ёзги танаффусга яхши кайфиятда йўл олган дастлабки жамоамиз “Бунёдкор-W”. Элмира Гулямова шогирдлари танаффусдан олдинги сўнгги баҳсда “Қизилқум-W”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. 18 июндан ёзги таътилга чиққан аёлларимиз иккинчи даврага тайёргарликни барча жамоаларимиздан олдин бошлайди. “Бунёдкор-W” 4 июль куни машғулотларга қайтади.

“Бунёдкор” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!