«Бунёдкор» мураббийи: «Кучлилар сараланмоқда»

«Ҳоким кубоги»нинг гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган «Нефтчи-2» - «Бунёдкор» (0:1) учрашувидан кейин меҳмонлар устози Марат Мифтахуддиновнинг клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Бугун икки хил даражадаги жамоалар ўйнади. Айниқса, биринчи бўлимда бўлимда бу яққол сезилди. «Нефтчи»нинг ёш ўйинчилари жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Рақиб аралаш таркибдан фойдаланмаслигини билган ҳолда, биз ҳам тажрибали ўйинчиларни захирада қолдирдик. Танаффусда тажрибали футболчиларни майдонга туширдим. Бу биринчи дақиқадаёқ ўз натижасини берди ва гол урдик. Шундан сўнг, йигитларда қандайдир хотиржамлик юз берди. Тўғри, устунлик, тўп назорати барибир бизда бўлди, бироқ ёш футболчилар кўпроқ югурди. Хотиржамлигимизни жазолашга ҳаракат қилишди. Лекин якунда ғалаба қозондик.

Энди чорак финалда майдонга чиқамиз. Бу босқичдаги рақибимиз Қирғизистон жамоаси. «Нур Баткен» ҳақида маълумотга эга эмасман. Ўйлайманки, учрашув осон ўтмайди. Футболчиларимиз жиддий рақибга қарши бошқачароқ ўйин намойиш этаётганини инобатга оладиган бўлсак, чорак финалда ҳам чиройли футбол кўрамиз. Ўзи аслида бу ёғига фақат кучлилар қолишда давом этади", - деди мураббий.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!