"Бунёдкор" қандай қилиб ютиши мумкин ёхуд "бечора мураббий..."

Навбат яна Суперлигамизга. 27 май куни 11-тур беллашувлари бошланади ва 29 майда якунига етади. Балки якунига етади, дейишимиз бироз нотўғри туюлса керак. Негаки, бу сафар рўйхатдан фақат 4 та ўйин жой олган. “Динамо” – “Насаф” ва “Сўғдиёна” – “Пахтакор” иштирокидаги учрашувлар терма жамоаларнинг йиғинлари сабабли бошқа кунга кўчирилди.

“Олимпик” клуби асоси терма жамоа ўзагини ташкил қилаётгани боис уларнинг ўйинлари ҳам қолдирилган. Натижада 11-турда сиз билан биз фақат 4 та ўйинга гувоҳ бўла оламиз холос. 27 майга иккита, 28 ва 29-саналарга эса биттадан ўйин қўйилган. Тажрибали мутахассис Дилшод Нуралиев 11-тур олдидан жуфтликлар бўйича қуйидагиларни айтди:

27 май (жума)

“Навбаҳор” – “Локомотив”

- Бу яхши ўйин бўлади. “Локомотив” клуби ўтган турда ўз майдонида “Пахтакор”ни қабул қилиб ютқазиб қўйди. Уларга энди орқага қадам йўқ. Ўйлайманки, “Навбаҳор” жамоасида ўйин бўйича устунлик бўлади. Шунингдек, ўз уйида ўйнаётгани боис мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам мезбонларга қўшимча куч бағишлайди. Менимча, бу сафар ҳам стадион ишқибозлар билан тўлади. Албатта, “Локомотив” ҳам Наманганда қўлдан келганича ҳаракат қилади. Ушбу қарама-қаршиликда дуранг натижаси қайд этилса керак.

нава_3

АГМК – “Нефтчи”

- “Нефтчи” жамоаси ҳозирги қийин вазиятдан чиқиб кетишга ва жадвалда юқори ўринларга кўтарилишга бор кучи билан ҳаракат қиляпти. Менимча, Илҳом Мўминжонов жамоаси АГМКга қарши жуда қизиқарли ўйин кўрсатади. Бироқ майдон эгалари барибир ғалаба қозонади. Сабаби, уларни таркиби тажрибали ўйинчилардан ташкил топган. Захира ўриндиғида ҳам яхши футболчилар бор. Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда майдон эгаларининг имкониятини юқори баҳолайман.

мирзохид1_5

28 май (шанба)

“Қўқон-1912” – “Қизилқум”

- “Қизилқум” бу йил таркибини анча яхшилаб олди. Клуб хорижлик мураббийга ишониб топширилган. Лекин ўйин Қўқонда ўтказилади. “Қўқон-1912” жамоаси ўтган турда жиззахда “Сўғдиёна”га жуда хунук ҳисобда ютқазиб қўйди. Бу сафарги рақиби ҳам жиддий. Назаримда, иккала жамоа ўртасидаги курашда кучлар тенг келса керак. Рости, мезбонларни ютади, деб айтишим ҳам мумкин. Лекин таркиб ҳамда ўйин томонлама “Қизилқум”да ташаббус бўлади. Мезбонлар бўлса, ўз майдонида ашаддий мухлислари қаршисида жонини бериб ўйнайди. Бундай пайтда камида дуранг қайд этилиши мумкин.

кукон янги_1

29 май (якшанба)

“Сурхон” – “Бунёдкор”

- Биласизлар, “Бунёдкор”да бош мураббий алмаштирилди. Виктор Карпенко ушбу лавозимга тайинланди. У бечора ҳам ўйинда ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қиляпти. Агар “Бунёдкор” шошилмасдан, бутун жамоа бўлиб олдинга ўтиб кетмаса, уйига уч очко билан қайтса бўлади. Акс ҳолда “Сурхон” ютиб кетади. Термиз жамоасининг ўйинларини бир-икки марта кўрдим, курашувчан жамоа. Ҳар бир вазиятда жон-жаҳдлари билан курашишяпти. Таркибида у қадар таниқли ўйинчилар бўлмаса-да, жамоанинг охиригача курашиши ва иштиёқи баландлиги менга ёқяпти. Бу меҳнаткаш клуб. Ҳозир айтганимдек, “Бунёдкор” шошма-шошарлик билан гол урамиз деб олдинга чопиб кетадиган бўлса, ғалаба “Сурхон”ники бўлади. Балки бу тўқнашувда дуранг ҳам қайд этилиши мумкин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!