"Бунёдкор" трансфер ойнаси ёпилишига бир соат қолганда алоқага чиқди, аммо улгурмади" - Қатардан қайтган легионеримиз "офсайд"да...

Қатарда легионер сифатида тўп сурган ҳамюртимиз Бахтиёр Қосимов юртимизга қайтди. Бундан мақсад фаолиятини вақтинча Суперлигада давом эттириш эди.

Юртимизда трансфер ойнаси ёпилгунига қадар унинг бирор клуб билан шартнома имзолаши кутилганди. Боиси, Бахтиёрни ўз сафида кўриш истагида бўлган клублар бор эди. Бироқ якунда бундай бўлиб чиқмади ва Қосимов “офсайд”да қолди.

- Бахтиёр, сиз билан охирги бор суҳбатлашганимизда Қатардан кетиб ўзимизнинг Суперлигага қайтаётганингиз ҳақида айтгандингиз. Чунки ўшанда хизматингизга клубларимиздан таклифлар бор эди. Бироқ чемпиоатимиздаги трансфер ойнаси ёпилгунига қадар сизни ҳеч бир клубда кўрмадик. Нима бўлди?

- Ҳа, Ўзбекистонга қайтиш режамда бор эди. Интервью берганимда юртимизга қайтмоқчи эканим ҳақида айтганман. Аслида Қатарда клубим билан 15 июлда янги шартнома имзолашим керак эди. Аммо кейин осиёлик лимит олиб ташланди, у ердан қайтишим кечикиб кетди. Ўзбекистонга 24 июлда қайтдим. Олдимда Суперлигамиздаги жамоаларидан вариантлар бор эди. Бироқ айрим сабабларга кўра улар билан келишув охирига етмай қолди.

Бахтиёр Қосимов_1

- Трансфер ойнаси ёпилишига саноқли соатлар қолганида сизни “Бунёдкор”га ўтди, деган гап-сўзлар ҳам тарқалди...

- Ҳа, “Бунёдкор” варианти ҳам бор эди. Улар трансфер ойнаси ёпилишига бир соат қолганида алоқага чиқишди. Кейин улгурмай қолдилар. “Бунёдкор” ҳам кутиб-кутиб охирида қарор қабул қилган, шекилли. Ўша куни кечаси соат 23.00 да менга қўнғироқ қилишди. Лекин шартнома тайёрлаб, расмийлаштиришга улгуришмади.

- Жамоасиз ва ўйин амалиётисиз қолиш футболчи учун доимо ёқимсиз. Бу сизга салбий тарафдан таъсир қилмайдими?

- Тўғри, вақтинчалик таъсир қилади. Лекин агентлар ишлашяпти. Худо хоҳласа, яқин кунларда янги клубга ўтаман. Яна легионер бўлиб ўйнайман. Араб ўлкаларида август ойи охирларида чемпионат бошланади. У ерларда сентябрь ойигача трансфер ойнаси очиқ.

Бахтиёр Қосимов1_1

- Бу борада музокаралар қизғин давом этаётган экан. Асосан қайси мамлакат клубларидан қизиқишлар бўляпти?

- Асосан араб чемпионатларининг биринчи дивизион жамоалари билан музокаралар кетяпти.

- Айнан қайси давлат?

- Қатар, Саудия Арабистони...

Бахтиёр Қосимов6_2

- Демак, яна Қатарга қайтишингиз мумкин экан-да?

- Ҳа, шундай.

- Суперлиганинг ҳеч бир клубида кўриниш бермаганингиз кайфиятингизга ҳам таъсир ўтказмаяптими?

- Ўзбекистонда қишгача тўп суришим бўйича ўзимда хоҳиш бор эди. Фақат музокаралар охирига етмади-да! Шунинг ҳисобига ўхшамади. Менга қизиққан клублар июль ойи бошида алоқага чиқишган. Лекин қатарликларни кутиб чўзилиб кетди. Натижада ўзимизни жамоалар таваккал қилишни истамадилар. Мен бўлса, Қатардаги жамоамни кутдим. 15 июлда шартнома беришлари керак эди. Лекин қатарликлар менга аниқ жавобни 17 июлда айтдилар. Натижада орада вақтдан ютқазиб қўйдим.

Бахтиёр Қосимов2

- Бу ишлардан кейин афсусланмаяпсизми?

- Йўқ, нимага? Ҳаммаси жойида. Муҳими, соғ-саломатмиз. Бу ёғи соғлом рақобат.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шухрат Хусаинов
10/08/2023 15:47
Узбек легионерлари хамма жойда офсайтда