"Бухоро"да коронавирусга чалинган футболчиларнинг ҳолати қандай? Бош мураббий масаласи нима бўлди?
Коронавирус сабаб Coca-Cola Суперлиганинг 10-тур учрашувлари 28 июлга қолдирилди. “Бухоро”да 8 нафар ўйинчи “Covid-19”ни юқтириб олган. Бошқа клубларда ҳам шундай ҳолатлар юз бермоқда. Бундай вазиятда чемпионатни яна давом эттириш ёки эттирмаслик борасида турли хил фикрлар билдирилмоқда. Табиийки, ПФЛ бу борада клубларнинг ҳам фикрларини тинглаб кўрди.
Ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда “Бухоро” клубидаги ҳолатга эътибор қаратдик. Яқинда хабар берганимиздек, клубнинг техник директори Жамшид Саидов вақтинча бош мураббий вазифасини бажариб турибди. Охирги пайтларда эса “Бухоро”да бош мураббий алмашиши ҳақидаги хабарлар янграмоқда. Қолаверса, жамоа аъзоларининг коронавирусга чалингани ҳам алоҳида мавзуга айланди. Шуларни ҳисобга олиб, Жамшид Саидовга ўзимизни қизиқтирган айрим саволлар билан мурожаат қилдик.
- Чемпионатни тўхтатиш ёки давом эттириш юзасидан муносабатингиз қайдай?
- Ҳозирги вазиятни барча яхши тушуниб турибди. Биринчи навбатда футболчиларнинг соғлиги муҳим. ПФЛ томонидан чемпионатимизнинг навбатдаги турини кейинроққа қолдиргани ҳақидаги қарорини ҳурмат қиламиз. Одамларда эса касалланиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Вазиятга жиддий қараш керак. Мана, “Бухоро”дан 8 нафар футболчидан вирус аниқланди, “Пахтакор”дан эса беш футболчида шундай ҳолат кузатилган. Яна бошқа клублар ҳам тест топширишяпти. Шу боис хушёрликни ошириш лозим. Тўғри, айрим клубларимиз чемпионатни давом эттиришни исташяпти. Бир томондан қараганда, бунда ҳам жон бор. Агар яна тўхтатиладиган бўлса, унда футболчилар ўйин ритмидан чиқиб қоладилар.
- Дарҳақиқат, “Бухоро”дан 8 нафар ўйинчида коронавирус юқтириб олганлиги аниқланди. Ҳозирда уларнинг ҳолати қандай?
- Айни пайтда коронавирусга чалинган футболчиларимиз қатъий карантин қоидалари асосида алоҳида шифокорлар назоратида бўлиб турибдилар ва керакли муолажаларни олишмоқда. Бир неча кундан сўнг яна тест топширадилар. Умуман олганда, футболчиларнинг ҳолати яхши. Қолган йигитларимиз эса соппа-соғ ва уларни ҳам доимий назорат қилиб турибмиз.
- Айнан қайси футболчилар коронавирус юқтириб олишган?
- Кечирасиз, уларнинг номларини айта олмайман.
- Шундай вазиятда ҳам машғулотлар давом этяптими ёки вақтинча тўхтатиб турибсизларми?
- Биз қолган ўйинчилар билан машғулотларни давом эттириб турибмиз.
- Умуман олганда, жамоадаги ўйинчиларнинг кайфияти қандай? Тушкунлик аломатлари йўқми?
- Кайфият қандай бўлиши мумкин? Футболчиларнинг кайфияти турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнимизга яраша-да. Умуман айтганда, муҳит яхши, ёмон эмас. Ҳамма “Бухоро”ни қийин вазиятдан олиб чиқиш учун меҳнат қиляпти. Машғулотларда ҳам барча астойдил ишлаяпти.
- Бундан ташқари, клубда бош мураббий сифатида Александр Хомяковнинг иш бошлаши ҳам кутилмоқда. Бу масала ҳал бўлдими?
- Александр Хомяков масаласи ҳали узил-кесил ҳал бўлгани йўқ. Чунки Муҳсин Муҳаммадиев бош мураббий вазифасидан ҳозирча расман кетмаган. Раҳбарият Муҳаммадиев билан ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилиш юзасидан гаплашяпти. Шу сабабли ҳали бош мураббий масаласи аниқ эмас. Тўғриси, ҳозирча олдиндан бир нима, деб бўлмайди.
Фикрлар