"Бухоро"даги ўзгаришлар тугагани йўқ ёхуд Анвар Бердиевга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилди

Афтидан, бу жамоадаги ўзгаришлар, кадрларнинг қўнимсизлиги ҳали бери тугамайдиган кўринади. Яқинда жамоага Усмон Тошев таклиф қилинган бўлиб, у менежер сифатида ишга киришган. Фақат Тожикистон терма жамоасидаги фаолиятидан кейин “Бухоро”га келиши айтилган. Лекин бу билан ўзгаришлар тугагани йўқ.

Sports.uz сайтига маълум бўлишича, жамоада бош мураббий бўлиб ишлаб келган Анвар Бердиев ва унинг ёрдамчиси Сергей Лебедевга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилган. Кўриб турганингиздек, уларнинг “Бухоро”даги фаолияти узоққа чўзилмади.

Мавсум бошланганига ҳали кўп вақт бўлмасдан туриб “Бухоро”да иккинчи маротаба бош мураббий ўзгарди. Хабарингиз бор, аввалига бу клуб Даврон Файзиев бошчилигида мавсумга киришганди. Аммо про-лиганинг тўртта туридан кейин арзимас сабаблар туфайли унга чиқиш эшиклари кўрсатилди ва ўрнига олдиндан кутилганидек Анвар Бердиев тайинланди. Лекин мураббийликка яқинда қадам қўйган собиқ футболчининг ҳам “Бухоро” клубидаги ҳаёти узоққа чўзилмади. Унинг бошчилигида бухороликлар Кубокда иккита, чемпионатда эса учта ўйин ўтказишди. Натижалар эса салбий. Кубокдаги иккита баҳсда дуранг ва мағлубият кузатилди. Чемпионат доирасида “Арал Самали” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. “Хоразм” 2:1 натижаси билан мағлуб этилди ва охирги турда Самарқандда “Динамо”га ютқазди ва шу тариқа, биттадан дуранг, ғалаба ва мағлубият қайд этилди. Ваҳоланки, Файзиев учта ғалаба ва битта мағлубиятдан кейин ишдан бўшатилганди. Кўриб турибсизки, бу борада Анвар Бердиев жамоани ўзгартира олмади, қайтанга натижалар салбий кўриниш олди. Балки унга мураббийлик борасида билим ва тажриба етишмагандир. Ҳар ҳолда у босим юқори бўлган ва фақат ғалаба талаб қилинадиган жамоага келганди.

бухоро22

Энди ўзингиз ўйланг, раҳбарият қандай асосга кўра ва ниманинг эвазига мураббийлар алмашинувига қўл урганди? Афсуски, футболни чуқур тушунмаслик ҳамда тўғри йўналишдан чиқиб кетганлиги учун ҳам “Бухоро”да қисқа фурсатлар ичида мураббийлар ўзгаряпти, танлов ўзини оқламаяпти. Ҳолбуки, Даврон Файзиев ўзи ишлаётганида балки жамоа издан чиқиб кетмаган бўлармиди?! Хуллас, бўлар иш бўлди. Файзиевдан кейин Бердиев ҳам Бухорода узоқ қолмади ва чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди.

Яқинда Усмон Тошев “Бухоро” менежери сифатида ишга киришгач, бош мураббий масаласида гапирар экан, Анвар Қурбоновичга ишонч билдирилиши ҳақида айтганди. Аммо Самарқанддаги мағлубият раҳбариятга қаттиқ таъсир қилган кўринади. Бердиевнинг ишдан бўшатилиши Тошевнинг қарорими ёки бошқасиними, буниси ҳозирча бизга қоронғу. Бухоро вилояти футбол ассосиацияси вице-президенти Фарруҳ Ҳамроев sports.uz мухбири билан мулоқот чоғида Бердиев ва Лебедевнинг кетганини тасдиқлади.

Энди ҳақли савол туғилади: бундан буёғига “Бухоро”ни ким бошқаради? Бизга маълум бўлишича, ҳозирча маҳаллий кадрлар ишлаб туришади. Мирислом Ҳасанов ҳамда Суҳроб Қобилов жамоани кейинги ўйинларга тайёрлашади. Бунгача ҳам Ҳасанов Суперлигада “Бухоро”ни мана шунга ўхшаш жараёнда вақтинча бошқариб турганини яхши эслаймиз.

бухоро2_7

Айни пайтда Тожикистон миллий терма жамоаси билан сафарда бўлиб турган Усмон Тошевнинг ҳам клубдаги ишлардан албатта хабари бор. Аммо у ҳозирча бор эътиборини терма жамоага қаратган. Чунки тожикистонликларни олдинда жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида муҳим ўйинлар кутяпти. Шу сабабли улар бўлажак баҳслар учун тайёргарлик кўрмоқдалар. Масалан, кеча Басра шаҳрида Ироқ билан назорат учрашуви ўтказилди. Энди бўлса, 29 май куни БААнинг Шаржа шаҳрида Таиланд билан ҳам ўйин ташкил этилади. Шундан сўнг, расмий учрашувларга киришилади.

Билиб турибсизки, Тошев “Бухоро” клубига айни пайтда вақт ажрата олмайди. Фақатгина жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичи тугаганидан кейин Усмон Қудратович расман Тожикистон терма жамоасини тарк этади ва бутун диққатини “Бухоро” клубига қаратади.

Ёдингизда бўлса, Тошев яқинда sports.uz мухбирига берган интервьюсида “Бухоро”да менежер бўлганини ва натижага ҳам ўзи жавоб бериши ҳақида айтганди. Бу гаплар бежиз эмас. Боиси, биздаги маълумотларга қараганда, Усмон Қудратович Тожикистондаги фаолиятини тугатгач, “Бухоро”да ўзи ишга киришади. Аниқроғи, мураббийлик ишини ҳам параллел равишда давом эттириши кутилмоқда.

Ҳозирги пайтда “Бухоро” жамоаси мусобақа жадвалида 13 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. Албатта, ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ. Аммо 1-ўриндаги “Нефтчи”дан олти очкога ортда қоляпти. Тошев эса жамоани Суперлигага қайтариш асосий вазифа эканлиги ҳақида гапирган. Тезроқ бу клубда тартибни жойга қўймаса, эртага кеч бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!