Буюк актёр ва спорт юлдузи Чак Норриснинг Никлос исмли ўзбек укаси ҳақида эшитганмисиз?

Ўзбек каратэ оламида ажойиб мураббий, кўплаб ёшларнинг устози, Шотокан кратэ-до етакчи инструктори, Ўзбекистон каратэ WKF  федерацияси вице-президенти, “Азамат-Карим” клуби асосчиси,  каратэ бўйича 7-ДАН, чун-кук-до бўйича 5-ДАН қора белбоғ соҳиби Хўжамқул Хўжақуловнинг ўз ўрни бор. Буюк актёр, режиссёр, каратэ ва кикбоксинг бўйича етти карра жаҳон чемпиони, 10-ДАН қора белбоғ соҳиби Чак Норриснинг шогирди ҳисобланадиган ушбу юртдошимизнинг фаолияти ва каратэ қиролларидан бири билан қай тарзда танишгани ҳамда у билан боғлиқ воқейликлар қизиқ эканлиги табиий... Биз ушбу омилларни инобатга олиб, Хўжамқул ака билан қисқача мулоқотда бўлдик.

- Хўжамқул ака, сизни Чак Норрисни шогирди, деб билишади?

- Албатта.

- Келинг, ушбу буюк спортчи ва актёр билан танишишингиз тарихи билан ўртоқлашсангиз?

- 1995 йил Америка Қўшма Штатларининг Лас-Вегас шаҳрида унинг услуби бўйича жаҳон чемпионати бўлган. Ўшанда биз мазкур мусобақага борганмиз. Турнирда қатнашиш учун аввал, имтиҳондан ўтиш керак бўлган. 8 киши борган эдик. Улар орасида мен танловдан муносиб ўтганлигим учун мусобақада иштирок этдим. Якунда, 3-ўринни қўлга киритгандим. Шу тариқа танишганмиз. Кейин ҳар йили турнирларда иштирок этадиган бўлдик. Кўплаб, ўзбекистонлик спортчиларни ушбу мусобақага олиб борганман. Уларнинг орасида 5 нафари бу йўналишда қора белбоғ соҳибига айланган.

Без названия (34)

- Унинг услуби қандай?

-
Чун-кук-до спорт турига асос солган ва ҳар йили бу бўйича Чак Норрис соврини учун жаҳон чемпионати ўтказилади.

- Лекин сўнги вақтларда ушбу турнирда ўзбекистонликлар иштирокига оид маълумотларни эшитмадик?

- Тўғри, охирги марта 2014 йилда бориб келдим. Бунга қадар бизнинг жамоамиз 9 маротаба бу турнирда иштирок этган. Шогирдларим орасида чемпионлар ва совриндорлар ҳам бўлган. Ўзим ҳам 2008 йил чемпион бўлганман. Қолаверса, кўп бора иккинчи-учинчи ўринларни қўлга киритганман. Бу йил ҳам таклиф қилишган эди. Афсуски, коронавирус пандемияси туфайли барчаси барбод бўлди. Умуман олганда мазкур турнирда ўзбекистонликларнинг катта ўрни бор!

- Ён қўшни мамлакатлар жамоаси ҳам ушбу турнирда иштирок этадими?

- Йўқ. Марказий Осиёда фақатгина Ўзбекистон жамоаси таклиф этилади.

- Умуман олганда, Чак Норрис билан муносабталар устоз-шогирд кўринишидами ёки янада қадрдонлик ришталари мавжудми?

- Очиғи, ўзининг оиласи аъзоси сифатида кўради. 97 ёшли онаси бор. Ҳали ҳам ҳаётлар. Умри узоқ бўлсин! Мени ўзбек ўғлим, деб атайди. Никлос, деб исм ҳам қўйиб олган. Ҳар йили турнир бошланганда биринчи бўлиб, Ник келдими, деб сўрайди. Агар борган бўлсам, албатта, олдига чақиртиради ва қачондан бери хабар олмайсан, дея койиб ҳам қўядилар. Чак Норрисни ўзи ҳам укаси сифатида кўради. Бу шунчаки сўзлар эмас. Мен билан борган инсонлар яхши билишади ва гувоҳ бўлишган ҳам. Мусобақа мобайнида барчани таништириб, энг сўнгида менга тўхталиб, ўзбек укам, деб тилга оларди. Хуллас, мени жуда яхши кўришади. Ўз ўрнида уларга ҳам ҳурматим чексиз.

- Адашмасам, сиз ҳам устозингиз каби фильмларда суръатга тушгандингиз. Яна таклифлар бўлаётгандир?

- Ҳа, “Тақдир зарбаси” киноси ҳамда “Ҳўжамқул ва унинг шогирдлари”, “Шотокан устаси” ҳужжатли фильмида суратга тушганман. Ундан кейин бир неча маротаба таклифлар бўлди. Бироқ мусобақалар ва бошқа сабаблар туфайли иштирок эта олмаганман.

- Шогирдингиз Валижон Шамшиев Чак Норриснинг барча фильмлари режиссёри, яъни укаси Аарон Норрис билан ҳамкорликда кино суратга олиш борасида келишиб олишган экан. Бу амалга ошадими?

- Улар ўзаро режалар қилишган эди. Билмадим, балки амалга ошиб ҳам қолар. Ундан аввал, устоз Чакнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда кино олиш имкони борми, деб сўраганди. Эҳтимол, яхши ниятлар ижобат бўлиб, бу борада ҳам янгиликлар бўлиб қолиши мумкиндир.

- Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

- Сизларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!