"Чақилмас ёнғоқ" - "Сўғдиёна" ҳақида ҳали яна ёзамиз...
Суперлигада юзага келган танаффусдан фойдаланган ҳолда чемпионатимиз иштирокчиларининг ҳозирга қадар босиб ўтган йўли хусусида сўз юритмоқдамиз. Кеча мусобақа пешқадами бўлиб турган Олмалиқнинг АГМК клубига тўхталгандик. Бугун эса Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси бизнинг эътиборимизда. Англаб турган бўлсангиз, бу сафар ҳам турнир жадвалидан келиб чиққан ҳолда иш тутдик. Чунки АГМКдан кейин 2-ўринда “Сўғдиёна” клуби боряпти-да!
Улуғбек Бақоев жамоаси ҳам худди Миржалол Қосимов бошқараётган клуб сингари 10 та ўйин ўтказиб 6 та ғалаба, 2 та дуранг ва 2 та мағубият қайд этган. Фақат тўплар нисбатига кўра жиззахликлар ҳозирча иккинчи поғонада. 18 та гол уриб, 10 та тўп ўтказиб юборган. Клуб шу кунгача барча учрашувларини тўлиқ ўтказиб келди. Фақат 11-турга келиб “Пахтакор”га қарши Жиззахдаги ўтиши керак бўлган беллашув қолдирилди.
АГМК билан “Сўғдиёна” бир-бирига жиддий рақиблар, десак муболаға бўлмаса керак. Ўтган мавсумда иккинчи ўрин учун кураш иккала жамоа ўртасида кечган бўлиб, охирги турда “Сўғдиёна” Олмалиқда ютиб кетганди. Буни қарангки, ҳозир ҳам ушбу клублар совринлар учун курашишда давом этмоқдалар ва 1- ва 2-ўринни бўлишиб туришибди. Аммо 7-турда АГМК билан “Сўғдиёна” жамоалари Олмалиқда тўқнаш келди. Жуда қизиқарли ва голларга бой кечган беллашувда бу сафар майдон эгаларининг қўли баланд келди – 3:2. Қизиғи шундаки, бунгача Бақоев жамоаси жорий мавсумда ҳали мағлубият нималигини билмай келаётганди. АГМК ушбу рақибининг мағлубиятсиз сериясига чек қўйган клубга айланди.
Бу йил “Сўғдиёна” клуби янги саҳифа очади. Гап шундаки, ўтган йилги муваффақиятидан сўнг, жамоа бу йил тарихида илк бор ОФК Кубоги гуруҳ босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Шу сабабдан Бақоев ва унинг жамоаси учун 2022 йил янада муҳим саналади. “Сўғдиёна”нинг ОФК Кубогидаги иштирокига ҳам кўп вақт қолгани йўқ. Чемпионатимиздаги дадил ўйинларидан билиш мумкинки, халқаро майдонда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олади.
Энди бевосита Суперлигадаги қатнашувига тўхталадиган бўлсак, жиззахликлар чемпионатни яхши бошлади. Бирин-кетин рақибларидан очколарни тортиб, мухлисларини хурсанд қилаётганди. Юқорида айтганимиздек, 7-турга келиб АГМК томонидан “Сўғдиёна” тўхтатиб қолинди. Афтидан, ўша мағлубият жиззахликларга руҳий зарба берган кўринади, навбатдаги турда иккинчи бор майдонни очкосиз тарк этишига мажбур бўлди. Албатта, рақиб ҳам жиддий бўлиб, қаршисида “Насаф” турганди. Тақвимга биноан улар бирин-кетин АГМК ва “Насаф” билан ўйинларга дуч келиб қолди. Шундай қилиб, “Насаф” “Сўғдиёна” майдонида 1:2 ҳисобида устун келди. Лекин кетма-кет учинчи мағлубиятга Бақоев асло рози бўлмасди. Шунинг учун кейинги турда “Сурхон” дарвозасига 4 та гол урди. Натижада 2:4 ҳисобида ғалаба қозонди. 10-турда эса “Қўқон-1912”ни қабул қилиб жавобсиз учта гол уришга эришишди.
“Сўғдиёна” АГМК билан бирга ҳозиргача Суперлигада энг кўп гол урган жамоалар бўлиб туришибди. Рақиблар дарвозасига 18 марта тўп киритишди. Бу борада Улуғбек Бақоев жамоасида ҳам сермаҳсуллик бор. Ҳар ҳолда илгари тўпурар ҳужумчи бўлгани боис унинг клубида ҳам ҳужумчилар анча фаол. Натижада бош мураббийнинг ишонган шогирдларидан бири – Шохруз Норхонов чемпионатимизда энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Ҳозиргача унинг ҳисобида 6 та гол бор. Табиийки, “Сўғдиёна”нинг ғалабаларида ушбу ҳужумчининг ҳам роли катта бўляпти. 10 та ўйинда 6 та гол яхши кўрсаткич-а? Охирги учта учрашувдан бери майдонни голсиз тарк этмаяпти.
“Сўғдиёна” курашувчан жамоа. Бақоев ўтган йилги таркибини деярли сақлаб қолди. Янги кучлар сифатида Марат Бикмаев, Артём Филипосян, Дониёр Абдуманнопов ва легионер ўйинчилар қўшилди. Клуб натижа учун қандай ўйнаш кераклигини жуда яхши билади. Улуғбек Бақоев қайсар мураббий ва жамоасининг характери ҳам ўзига ўхшайди. Шу билан бирга уларга чақилмас ёнғоқ деган таърифни берсак ҳам ярашаверади. Ҳеч бўлмаганда ўтган йилги натижасини такрорлаш ниятида. Қўшимчасига юқорида айтганимиздек, ОФК Кубоги мусобақаси ҳам турибди. Демак, "Сўғдиёна" ҳақида ҳали яна ёзамиз...
Фикрлар