Чемпионликка энг яқин ўзбек боксчилари кимлар? (Таҳлил)

Сўнгги вақтларда ўзбек боксчилари нафақат ҳаваскор йўналишда, балки професcионал боксда ҳам зафарли юришларини давом эттирмоқда. Биринчи ярим енгил вазн тоифасида (55 кг) Муроджон Аҳмадалиев (8-0, 6 КО) кам сонли жанг билан WBА ва IBF йўналишида чемпионликни қўлга киритиши жаҳон бокс оммаси эътиборини ўзига жалб этди. Табиийки, ўзбекистонлик бошқа боксчиларга ҳам эътибор ошди. Xўш, Муроджон Аҳмадалиевдан сўнг қайси боксчиларимиз чемпионликка яқин турибди? Қуйида таҳлилий рейтинг билан танишинг!

1. Қудратилло Абдуқаҳҳоров ( 18-0, 9 КО)

Професcионал бокснинг ярим ўрта вазн тоифасида (66.6 кг) ўз фаолиятини олиб бораётган Қудратилло Абдуқаҳҳоров WBC рейтингида 8, IBF рейтингда эса 1-поғонада қайд этилди. У энг нуфузли норасмий рейтинглардан бири "Thе Ring" талқинида ҳам ўз вазнида Теренс Кроуфорд, Мэнни Пакьяо, Эррол Спенс, Кит Турман, Дэнни Гарсия каби юлдузлар орасида 8-поғонадан жой олган. Абдуқаҳҳоров ҳозирда Эррол Спенсга ( 27-0, 21 КО) тегишли бўлган IBF жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар ҳисобланади. Шунингдек, Спенс WBC чемпиони ҳамдир. Бу вазнда Мэнни Пакьяо WBА, Теренс Кроуфорд WBО чемпиони ҳисобланади. Американинг энг нуфузли компанияси "Тоp Rank" мижози ҳисобланган  Қудратилло ҳозир Америка Қўшма Штатларида тайёргарлик олиб борамоқда. 

кУДИ

 2. Исроил Мадримов (6-0, 5 КО) 

Исроил Мадримов супер ярим ўрта вазн тоифасида (69 кг) жанглар ўтказиб келмоқда. Мадримов охирги жангида WBА рейтингида 6-поғонада бўлган Эрик Уокер устидан ғалаба қозонди ва WBА йўналишида даъвогарга айланди. Эдди Хирнга тегишли бўлган "Matchroom"  ва Россиянинг "Мир Бокса" компанияси мижози Мадримов ҳозирда WBА рейтингида биринчи поғонада бормоқда. Ушбу вазн тоифасида WBC, WBА, IBF чемпионлик камарлари Жермел Чарлога тегишли бўлса, Патрик Тейшейра  WBО чемпиони ҳисобланади.

иСА

 3. Шоҳжаҳон Эргашев (19-0, 17КО) 

Профеccионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида (63.5 кг) ўз жангларини ўтказиб келаётган Шоҳжаҳон Эргашев ҳали мажбурий даъвогар бўлмасада, аммо ушбу позицияга чиқиш учун қулай рейтингда турибди. Эргашев WBА рейтингида 7, WBО рейтингида 13 ва IBF рейтингида 4-поғонадан жой олган. Унинг промоутерлик компанияси "Salita Promotions"  яқин орада IBF йўналишида элиминатор, яъни мажбурий даъвогар бўлиш учун саралаш жангини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. 

шОХ

4. Бектемир Мелиқўзиев (6-0, 5 КО) 

Бектемир Мелиқўзиев Американинг "Golden Boy" ва Россиянинг "Мир Бокса" компанияси билан шартнома имзолаган. Супер ўрта вазн тоифсида (76 кг) WBА Continental Americas ва WBО Inter-Continental камaрлари эгаси бўлган Мелиқўзиев ҳозирда, WBА рейтингида 14-поғонада ва WBОнинг янгиланадиган рейтингида ҳам кучли 15 таликка кириши кутилмоқда. Мелиқўзиев, гарчи рейтинги бироз пастроқ бўлса-да, аммо унга бўлган қизиқиш ва промоутерларининг ишончи анча юқори. Мелиқўзиевга 2021 йил охирига қадар чемпионлик жангини ваъда қилишган. Ушбу вазн тоифасида WBА чемпиони Каллум Смит 19 декабрь куни Сауль Альварес билан жанг қилади. WBО камари Билли Жо Сондерс, IBF чемпионлик камари эса Калеб Плантга тегишли. WBC чемпионлик камари эса вакант... 

БЕК

5. Шаҳрам Ғиёсов (10-0, 8 КО) 

Рио Олимпиадаси совриндорлари ичида энг биринчилардан бўлиб професcионал боксга қадам қўйган Ғиёсов ҳам ҳудди Мадримов каби "Мир Бокса" ва "Matchroom" компанияси билан ишлаб келмоқда. Ғиёсов супер енгил вазн тоифасида (63.5 кг)  WBА International камари эгаси бўлиб, ушбу йўналиш рейтингида 6-поғонада қайд этилган. Мазкур йўналишда вазият бироз қийинроқ бўлиб, иккиламчи камарлар анча кўп ва чемпионликка қадар бориш бироз кўпроқ вақт талаб қилади. Шоҳжаҳон Эргашев ва Шаҳрам Ғиёсов битта вазн тоифасида, ушбу вазннинг WBА йўналишини ўзида Super, Regular, Gold ва вақтинчалик жаҳон чемпионлик камарлари мавжуд. Асосий чемпионлар эса, британиялик Жош Тэйлор (WBА Super, IBF жаҳон чемпиони) ва америкалик Хосе Рамирес  ( WBC ва WBО ) ҳисобланади.

шАХА

Бизда ҳозирча, шулар... Барча боксчиларимизга омад ва зафарлар тилаймиз! 

Жалол АҲМЕДОВ тайёрлади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар