Дамир Темиров: "Андижон" варианти пайдо бўлганида хурсандчилик билан қабул қилдим"

“Андижон”нинг охирги трансфери Дамир Темиров бўлди. 26 ёшли иқтидорли ярим ҳимоячи эндиликда “Бургутлар”га айланган ҳолда олдига янги мақсад ва марраларни қўймоқда. Темировдан мухлисларнинг ҳам умиди катта. Футболчи эса клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Дамир, фаолиятингизда янги саҳифа очиляпти. Энди сиз “Андижон”нинг янги аъзосисиз...

- Бу жамоага келганидан хурсандман. Худо хоҳласа, яхши трамплин бўлади, деб ўйлайман.

- Трансфер ойнаси ёпилишига оз фурсат қолганида сизнинг “Андижон”га ўтишингиз амалга ошди. Бу қандай юз берди?

- Кутиб юргандим. Жамоамни ўзгартиришим керак эди. Муҳит ўзгариши лозим эди. “Андижон” варианти пайдо бўлганидан кейин иккиланиб ўтирмасдан бу таклифга розилик билдирдим ва буни хурсандчилик билан қабул қилдим.

- Бунгача “Андижон”га қарши кўп ўйнагансиз. Қандай хотиралар қолган?

- “Андижон” ажойиб жамоа. Бу ерда қанча футболчи ўзгарса ҳам барибир ички муҳит ўзгармайди. Ҳар доим аҳил ва иноқ жамоа бўлиб қолаверади. Мен мана шундай аҳил жамоага қўшилганимдан мамнунман.

- Футболчини ўз олдига қўйган мақсади бўлади. Сиз “Андижон” билан нимани кўзлаяпсиз?

- Мақсад ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш ва максимал натижага эришиш.

- Келган чоғингизда бош мураббий Александр Хомяков билан ҳам суҳбатлашиб олдингиз. У сизга нималар деди?

- Илиқ кутиб олишди ва менга осон бўлмаслигини айтишди. Рақобат бўлишини таъкидладилар. Рақобат бўлган жойда албатта ўсиш бўлади.

- “Бобур арена”да ўйнагансиз. Бу ерда қанақа муҳит бўлишини биласиз...

- Меҳмон бўлиб ёки мезбон бўлиб ўйнасангиз ҳам бунақа атмосферада тўп суриш футболчи учун биринчи навбатда бахт деса ҳам бўлади. Бундай муҳитда ўйин янада чиройлилашиб бораверади. Авваламбор футбол мухлислар учун ўйналади. Худо хоҳласа, “Андижон” ишқибозларини ғалабаларимиз билан қувонтирамиз.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davlatbek Alibekov
02/08/2024 19:05
Андижонга х,ущ келибсен Дамир сендан галабали у'йинлар кутиб к,оламиз