Дастан Шаршеев мағлубиятини тан олдими? Мавлонбек Қаҳҳоров билан суҳбат...
Хабарингиз бор, куни кеча Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида “Open FC” промоушенининг саккизинчи рақамли турнири ташкил этилди.
Мазкур жанг кечасида Ўзбекистон муайтай оламининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири уч карра жаҳон чемпиони, уч маротаба Осиё ўйинлари ғолиби Мавлонбек Қаҳҳоров қирғизистонлик машҳур Дастан Шаршеев билан К-1 йўналишида ўз жангини ўтказди. Гарчи, ҳамюртимиз катта устунликка эришган бўлса-да, ҳакамлар дуранг натижа қайд этди. Айнан, ушбу натижа нафақат ўзбекистонлик балки маҳаллий мухлисларнинг ҳам эътирозларига сабаб бўлди.
Биз мазкур жанг юзасидан Мавлонбек билан боғланиб, бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
- Аввало, ажойиб жанг билан табриклаймиз!
- Раҳмат.
- Фаолиятингиздаги 10 йиллик танаффусдан сўнг бундай жиддий жангни қабул қилишингиз катта таваккалчилик эмасмиди?
- Спортни ўзи катта таваккалчилик. 10 йил танаффус қилган бўлсам-да, ўзимни жисмоний ҳолатимни яхши даражада ушлаб келаётгандим. Қолаверса, жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган жуда кучли спортчилар билан жанг қилганман.
- Айнан, Дастан Шаршеев билан жангни қабул қилишингизга қандай омил туртки бўлди?
- 10 йил мобайнида катта спортдан узоқда бўлган бўлсам-да, яккакураш оламини мунтазам кузатиб бордим. Бу вақт мобайнида Дастан Шаршеев анча яхши натижалар қайд этди. Қолаверса, у билан ўзбекистонлик яккакураш усталари ўртасида озгина келишмовчиликлар бўлиб ўтди. Нафақат мен, кўплаб ўзбекистонлик спортчилар унга жанг борасида мурожаат қилди. Ўзбекистонлик спортчиларнинг қандай кучга эга эканликларини бевосита у билан жанг қилиб кўрсатиб қўймоқчи бўлдик ва бу менга насиб қилди. Шу воқеалар жанг қилишимга сабаб бўлди.
- Умуман таклиф ким томонидан бўлди?
- Спортчилик фаолиятимни тиклаганимдан кейин Шаҳриҳондаги “Ахмат” клуби жамоаси сафида Шербек Билолов, Бекзод Жияновлар қўл остида машғулотлар олиб бормоқдаман. Биласиз, у ерда машҳур ММА жангчимиз Нурсултон Рўзибоев билан битта жамоадамиз. “Open FC” турнири Бишкекда бўлиши ва Дастан Шаршаевга муносиб рақиб кераклигини мураббийим Бекзод Жияновга маълум қилишган экан. Нурсултон Рўзибоев бу борада менга айтди. Тўғриси, бизга бу таклифни беришганда 13 кун қолганди холос. Шу жиҳати бироз ўйлантирди. Таклифни қабул қилсак оз муддат қолди, рад этсак ўзимизнинг бу жангчига қизиқишимз кучли эди. Хуллас, жангни қабул қилдик. Шу ўринда тайёргарлик кўришда жуда катта ёрдам берган Нурсултон Рўзибоев, Шербек Билолов ҳамда Бекзод Жияновга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
- Унинг савияси борасида нима дея оласиз?
- Тўғриси, фаолиятим мобайнида юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ундан ҳам кучли рақибларга дуч келганман. Очиғи мен ўрганган ва кутган яхши савиядаги жангчи экан. Бироқ, бирор янгилик ёки кучли жиҳати билан мени лол қолдирди, деб айта олмайман.
- Дастан Шаршеев жангдан кейин сизга қандай сўзларни айта олди?
- Очиғи, жангдан аввал ҳам у ва жамоаси бизни жуда илиқ қарши олди. Жангдан кейин эса, жуда яхши ҳаракат қилганимни, ўзидан эса қониқмаганлигини айтди. Шунингдек, у кутганидан кучлироқ ва савияли эканлигимни маълум қилди.
- Жангда устунликка эришган бўлсангиз-да, дуранг натижани қайд этилди. Ушбу натижадан кейин аренада маҳаллий мухлислар бу натижага қандай муносабат билдирди?
- Тўғриси, жангдан аввал Дастан Шаршеев фаворит сифатида эътироф этилганди. Қирғизистонлик, ўзбекистонлик мухлислар ҳам бу жангда унинг имконияти юқори эканлигини, 10 йил танаффус қилганимни ва бу жангни бекор қабул қилганлигимни айтди, бевосита Инстаграм саҳифамга ҳам ёздилар. Жангдан кейин эса фикрлар 180 граудсга ўзгарди. Хурсанд бўлган жиҳатим маҳаллий мухлсилар ҳам мени ғалаба қозонганимни эътироф этди.
Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, спортда барибир тажриба ўз сўзини айтади. Ўз вақтида жаҳон ареналарида анчагина яхши натижалар қайд этганман. Ушбу омиллар узоқ вақт танаффус қилган бўлсам ҳам бу жангда катта ёрдам берди. Қолаверса, бу тўқнашувдаги муваффақиятим Шаршеевни яхши ҳаракат қила олмаганлигидан эмас, аксинча бизнинг тўғри тактика қўллаганлигимизнинг меваси эди. Қирғизистонлик рақибим ҳам яхши жисмоний кўрсаткичга эга эканлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, биз қўллаган тактика орқали ҳар қандай рақиб жиддий талофот кўрган бўларди. Ҳар ҳолда мен шундай ўйлайман.
- Мазкур жангингиздан сўнг, яна яхши таклифлар бўлгандир?
- Албатта, Шаршеевнинг мураббийи келиб, янада яхши лойиҳалар борлигини айтди. Аслида, биринчи маротаба Қирғизистонда жанг қилдим. Қирғизистонлик мухлисларнинг эътиборидан ва ҳақиқатни талаб қилганлигидан жуда хурсанд бўлдим. Албатта, ҳамма ерда яхши инсонлар кўплаб топилишини, мазкур жангимдан кейин яна яхшироқ англаб олдим. Биргина хафа бўлган жойим, ҳакамларнинг нохолис баҳо берганлиги бўлди. Бундай ҳолат биринчиси эмас, Нурсултон Рўзибоев билан ҳам шундай вазият юзага келганди. Кейинчалик ўзлари хато қилганлигини тушунишди.
- Гарчи, дуранг қайд этилган бўлса ҳам “Open FC”нинг расмий саҳифасида сизнинг ғалаба қозонганлигингиз қайд этилди?
- Аслида, К-1 йўналишида кучлар тенг келса, қўшимча раунд берилиши керак бўлар эди. Бироқ, қўшимча раундга Дастаннинг жисмоний ҳолати етмаслигини барча англаб турганди. Қолаверса, 90 фоиз мухлислар айнан Дастаннинг орқасидан ушбу жанг кечасига ташриф буюрганди, шу тарзда ортиқча муаммолар бўлмаслиги учун ҳам дуранг қайд этилди, деган таассурот уйғонди. Албатта, бу шахсий фикрим. Бироқ, ўзингиз таъкидлаб ўтганингиздек, кейинчалик промоушен расман ғалаба қозонганимни эътироф этди.
- Реванш ҳақида гап-сўз бўлмадими?
- “Рақибим 3 крра жаҳон чемпиони, 3 карра Осиё чемпионлигини ва мендан тажрибали эканлигини ҳам инобатга олинглар”,- дея Дастан ўзининг интернетдаги расмий саҳифаларида айтиб ўтди. Албатта, тан олганлиги учун унга катта раҳмат! Демоқчиманки, ҳеч қандай реванш борасида гап-сўзлар бўлмади.
- “Open FC” сизга шартнома таклиф қилдими?
- Ҳа, бу борада мураббийларим Шербек Билолов ҳамда Бекзод Жияновлар музокара олиб бормоқда. Шунингдек, яна бошқа нуфузли промоушенлардан таклифлар бўлди. Маслаҳат қилган ҳолда, қайси промоушен яхши таклиф берадиган бўлса, шунда жанг қиламиз. Биринчи навбатдаги мақсадим “One FC” промоушенида жанг қилиш ва насиб қилса, бу мақсадим ҳам амалга ошади, деган умиддаман.
- Бу борадаги режаларингиз амалга ошишига ва ажойиб ғалабалар билан барча мухлисларингизни хурсанд қилишингизга тилакдошмиз!
- Катта раҳмат. Албатта, бу бошланиши, аввалги даражамга қайтишга ва юқори натижалар қайд этишга ҳаракат қиламан.
Фикрлар