Даврон Файзиев: "Динамо" Суперлигада ҳам муносиб иштирок этишга интилади
Кейинги ҳафтадан Суперлига-2019 баҳслари старт олади. Шиддат ваъда қилаётган ўйинлар олдидан яқинда Суперлига иштирокчисига айланган “Динамо” жамоаси бош мураббийи Даврон Файзиевнинг фикрлари билан қизиқдик.
“Авваламбор, барчани баҳорнинг кириб келиши билан табриклайман. Баҳорий кайфият барчамизни йил давомида тарк этмасин. Баҳор бу нафақат, аёллар байрами ёки Наврўз, балки футбол байрамининг ҳам бошланишидир.
Олдиндан бизни жуда қизиқарли мавсум кутиб турибди. Суперлига иштирокчисига айланганимиз футболсевар Самарқанд халқи учун баҳорий байрамлар олдидан кутилмаган хушхабар бўлди. Биз йил бошидан буён жамоамиз билан пухта тайёргарлик кўришга киришганмиз. “Динамо” Суперлигада ҳам муносиб бўлишга интилади. Аввалдан олдимизга Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилганди. Энди муносиб бўлиш учун 10 кун вақт қолган бўлсада, биз бор имкониятимизни ишга солиб тайёргарлик кўраяпмиз.
Мавсумни қўшниларимиз Қашқадарёнинг “Насаф” клубига қарши баҳс билан бошлаймиз. “Динамо” – “Насаф” ўйини Самарқандда катта футбол байрамига айланади. Бу жамоалар ўртасидаги баҳс доим қизиқарли кечган. 1-турдаги рақибимиз “Насаф” ҳақида фақат илиқ фикрларни айтиш мумкин. Улар ҳар қандай таркибда бўлишмасин, ўз услубларига эга жамоадир.
Қисқа вақт қолган бўлса-да, мен бундай синовларга олдин ҳам тушганман, шу боис бу сафар ҳам тайёрман. Йигитларимизга ишонаяпман. “Динамо” битта катта оилага айланган. Бизнинг энг катта кучимиз бирдамлигимизда. Биласиз, бизнинг минглаб мухлисларимиз бор. Янги мавсумда ҳам бизни қизғин қўллаб-қувватлаб турсалар, биз ҳам ишончни оқлаб, Суперлигада уялтирмаймиз”, – деб Файзиевнинг сўзларини келтириб ўтди клуб расмий сайти.
Фикрлар