Даврон Файзиев: Германиялик мутахассис жавоб бергандек бўлди
АПЛ 15-туридан ўрин олган "Манчестер Юнайтед" - "Кристал Пэлас" учрашувида мезбонлар Фреднинг 77-дақиқада урган голи эвазига муҳим бўлган 3 очкони қўлга киритишди.
Ғалабадан сўнг "қизил иблислар" очколари сонини 24 тага етказган ҳолда, 6-ўринга кўтарилди. 16 очкога эга "Кристал Пэлас" эса 12-поғонани банд этган.
Ўйиндан кейин таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев телеграмдаги саҳифасида мураббийнинг дастлабки ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
- Немисча прессинг ташаббускори Ральф Рангник дебют ўйинида ғалабага эришганини билдингиз. "Манчестер Юнайтед" фаол босим қилишни бошлади. Бундай услубга Роналду қанчалик мос тушиши сўроқ остида эди. Германиялик мутахассис жавоб бергандек бўлди. У таркибда кескин ўзгаришлар қилмади, асосий тўпурарни эса ўйнатди. Ҳозирча, уларнинг ишлаб кетишида муаммо кузатилмаяпти. Кузатамиз, - деди Даврон Файзиев.
Фикрлар