Даврон Файзиев: Имкониятимиз даражасидаги футболчиларни таклиф эта оламиз

- Бугунги учрашув ҳақида тўхталсангиз...

- Авваламбор, ОАВ ходимларини ўтган байрамлари билан табриклайман. Бугунги ва уч кун аввалги «Яшнобод»га қарши ва бугунги мағлубият учун узр сўрайман. Бугун ҳам «Локомотив» каби юқори савиядаги жамоага қарши ўйнадик ва бугун ҳам ғалаба қозонишни хоҳлагандик. Бугунги мағлубиятда балки мен айбдорман, чунки мағлубият мураббийники бўлади. Марказий ҳимояда қўпол хатолар қилдик. Мағлуб бўлдик, лекин футболчиларимга меҳнат қилганлари учун раҳмат дейман. Менимча, бугунги баҳсда дуранг адолатли натижа бўларди.

- “Динамо”нинг уй учрашувларидаги ёқимли анъанаси бузилди...

- Биз уйимиздаги учрашувларда мағлубиятга учрамай, ўз даражамиздан юқори сакрай олгандик. Яъни, ҳамма бизни Про-Лига клуби, аутсайдерга айланади, деганда ҳаттоки 3-ўрин учун курашиб, “планка”ни юқорига кўтаргандик. Биринчи даврани йил бошида кимдир менга турнир жадвали ўртасида тугатасизлар деганида, мен бунга қарши бўлмасдим. Ҳозир эса “планка”ни кўтарганимиз учун даврани янада юқорироқ ўринда якунлашни истагандик.

- Жамоанинг бугунги мағлубиятида кубокдаги “Яшнобод”га қарши мағлубият таъсири қай даража бўлди?

- “Яшнобод”га қарши кубок учрашувида мен ўйин амалиёти бўлмаган захира футболчиларга имконият бердим, аммо улар ишончни оқлай олишмади. Ўшанда жамоамиз ўйиндан олдин рақибни руҳан мағлуб этганди. Бунда менинг ҳам айбим бор, жамоани ҳар тарафлама тайёр қила олмаганим учун. Таркибимизда ўзгаришлар бўлиши аниқ. Аммо, голеадорлар ҳам, яхши савиядаги футболчилар ҳам катта пуллар эвазига келиши мумкин. Биз эса фақат имкониятимиз даражасида бўлган футболчиларни таклиф эта оламиз.

- Бугунги учрашувда ҳакамлар ўйин тизгинини қўлдан бой беришди...

- Бугунги ҳакамларга жиддий эътирозим йўқ, фақат битта эътирозим - ҳали қўшимча вақт тугаб бўлмай биз жарима тепишимиз керак бўлганда ўйинни тугатиб қўйишди. Эшитишимча, бугунги ҳакамни ОФК вакиллари кузатишган. Баҳони ўшалар беришади. У яна бир вазиятда аввал жарима зарбаси белгиламоқчи бўлди, лекин кейин ўйинни давом эттирди. Пенальти борасида ҳали аниқ фикр айта олмайман.

- Давралар оралиғида таркибда жиддий ўзгаришларга қўл уриладими?

- Бугун рақиб жамоа сафида Лутфулла Тўраев ва Анвар Ғофуров тажрибали футболчилар сифатида ўйинни бошқаришди, ёшлар улар ортидан эргашди. Улар майдонда мураббийнинг барча кўрсатмаларини бажаришди. Биз ҳам ҳимоя, таянч ярим ҳимояси, ҳужумни кучайтира оладиган футболчиларни топшимиз ва рақобатни оширишимиз керак.

Манба: "Динамо"

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!