Даврон Ҳошимов янги мавсумни қаерда ўтказиши, Абрамов нега терма жамоага чақирмаётгани ва яна бошқа мавзулар ҳақида гапирди
Даврон Ҳошимовнинг қандай футболчи эканлигини кўпчилик яхши билади. У майдонга тушганида ҳақиқий жангчига айланади ва тўп учун курашларда ўзини ҳам, рақибини ҳам аяб ўтирмайди. Ҳимоя билан ҳужум ўртасида боғловчилик вазифасини ҳам яхши уддалайди.
У каби қанот ҳимоячилари ҳамма клубга ҳам керак. “Навбаҳор” эса Ҳошимовни анча-мунчага қўйиб юбормайди. Чунки келаси йилда ҳам унинг хизмати клуб учун керак. “Навбаҳор”да эса мураббийлар тасдиқланди, таркиб шакллантирилмоқда. Даврон Ҳошимов sports.uz сайтига клубга ва ўзига тааллуқли мавзулар бўйича ўз фикрларини билдирди.
“Навбаҳор”даги тақдири
- Аввало барчага кириб келаётган янги йил омадли бўлсин. “Навбаҳор” жамоасига келадиган бўлсак, бош мураббий масаласига аниқлик киритилди ва Нўъмон Ҳасанов ўз ишини давом эттирадиган бўлди. Менинг клуб билан бир ярим йиллик шартномам бор эди. 2021 йилнинг 31 декабрь кунигача. Наманганда яна бир бор раҳбарият билан ҳаммасини муҳокама қилдик ва янги мавсумни ҳам “Навбаҳор”да ўтказаман. Клуб раҳбарияти билан барчасини келишиб олдик.
Янги мавсумдаги режалар ҳақида
- Клубда бўлиб ўтган йиғилишда раҳбарлар олдимизга кучли учликка кириш вазифасини қўйдилар. Бундан ташқари, қандай бўлмасин Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишимиз муҳимлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар. Шунга яраша барча шароитларни яратиб беришни ваъда қилдилар.
Якунига етган чемпионат тўғрисида
- Ҳамманинг хабари бор, 2020 йилни “Локомотив” сафида бошладим. У ерда ишларимиз ёмон кетмаётганди, карантин сабабли ўйин амалиётини йўқотиб қўйдик. Жамоа ўйинида пасайиш бўлди, натижаларимиз ҳам салбий кўриниш олди. Иккинчи давра арафасида “Навбаҳор” мени таклиф қилди. Бу жамоанинг карантингача ўтказган ўйинларини кузатгандим, жуда яхши таассурот қолдирган. “Навбаҳор”га қизиқишим кучли эди. 2018 йили ҳам Наманганда тўп сурганман. Шунинг учун бу клубга қандайдир илиқлигим бор эди. Карантиндан кейин ўйинлар биз учун бир текис кетмади. 10 нафар футболчимиз коронавирусга чалиниб қолди, жамоа ўзига келгунига қадар кўп очколарни йўқотдик. Бош мураббий Андрей Канчельскис ҳам шу аҳволга тушди. Бизга роса қийин бўлди. Кейинчалик Канчельскис кетди, Нўъмон Ҳасанов бош мураббий лавозимида ишлади. Мураббий алмашган пайтда жамоа спорт формасига кириб бўлганди. Натижада қўлдан келганича максимал очколарни олишга ҳаракат қилдик. Мавсумни 8-ўринда тугатдик. Кубок мусобақасида эса бироз омадимиз етишмади. Энди янги мавсумга Нўъмон Ҳасанов бошчилигида режалар тузиляпти. Бу мураббий ҳам ўзини кўрсатиб бера олди деб ўйлайман. Келаси йили ушбу мураббий билан ишлаш янада осонроқ кечади деб ўйлайман. Футболчилар бу мураббийга кўникишди.
Бабаян ва Ҳасанов ҳақида
- “Пахтакор”да Самвел Бабаяннинг қўлида тўп сурганман. Унинг шогирдиман десам ҳам бўлади. Нўъмон ака Ҳасанов билан ҳам “Пахтакор”да бир неча йил бирга фаолият олиб борганмиз. Иккаласига илиқ муносабатдаман. Менга ким бўлишидан қатъий назар жамоамиз кучайишини хоҳлардим. Мураббийдан кўра, жамоамизнинг шаклланиши ҳақида бош қотирдим. Яъни, клубда кимлар қолади, кимлар кетади, деган ўй-ҳаёлда бўлдим.
“Локомотив” яна қайтармоқчимиди?
- Тўғриси, “Локомотив” жамоаси менга яна қизиқиш билдирди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Фақат “Навбаҳор” билан шартномам борлиги учун у ерга бора олмасдим. Қолаверса, вилоят ҳокимига ҳамда клуб раҳбарларига янги мавсумда ишончни оқлаш бўйича ваъда бердик. Уларнинг юзини ерга қаратмаслик учун ҳам “Навбаҳор” билан юксак ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Бизга ишонишяптими, демак бу ишончни астойдил оқлашимиз лозим. Шунинг учун бошқа вариантларга қизиқмадим. Бор эътиборимни “Навбаҳор”га ва клубни Осиё Чемпионлар лигасига чиқиши учун муносиб ҳисса қўшишга қаратганман.
Футболчининг Намангандаги мақсади
- 2018 йили Наманганда тўп сурганимдан кейин миллий терма жамоага тушгандим. Ўша пайтдаёқ бу клуб менда илиқ таассурот қолдирган. Бу сафар “Навбаҳор”ни яна бежиз танламадим. Бу ерда мухлисларнинг ажойиб муҳити бор. Ишқибозларнинг сизга ишонаётганини ва шу билан бирга босимни ҳис қилиб ўйнайсиз. Бу эса сизни янада кучлироқ қилади. “Навбаҳор” фақат ғалаба учун курашадиган жамоа. Совринларга муносиб клуб. Бу ерга келишимдан аввал “Қизилқум”дан ҳам таклиф бўлган. Лекин рейтингимни янада ошириш учун “Навбаҳор”ни танлаганман. Футболчи сифатида ушбу жамоада янада юксак натижаларга эриша оламан деб ўйлайман. Қолгани ўйинчининг ўзига боғлиқ. Терма жамоага яна қайтишга ва Остон Ўрунов сингари хорижда тўп суришга ҳаракат қиламиз.
Терма жамоага қайтишига ишонадими?
- Бу – футбол, унда мураббийлар ҳар хил бўлади. Балки Вадим Абрамовга қайсидир жиҳатларим ёқмаётгандир. Барибир ўзимнинг ўйин услубимда қоламан. Чунки бундан бошқача ўйнай олмайман. Фақат устимда ишлашда давом этаман. Кун келиб Абрамовнинг ҳам ишончини қозонаман деб ўйлайман. Ҳали ёшман, ишлашдан тўхтамаслигим керак. Олдимда яна катта мақсадлар бор.
Фикрлар