Денис Коростиченко: "Ёшлар билан ишлашнинг қийин тарафлари бор"
"Пахтакор" 6:0 "Олимпик" учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг 1-қисмида олимпиячилар устози Денис Коростиченко қатнашди.
-Аввало "Пахтакор"ни ғалаба билан табриклайман. Биз бугун ўзимизнинг энг ёмон ўйинимизни ўтказдик. Баъзи бир футболчиларимизга эътирозларимиз бор. Рақибдан ҳар иикала бўлимда ҳам анча бўш ҳаракат қилдик.
-Аввалги ўйинларда жамоа анча жипслашган ҳолда ўйин намойиш этган эди. Бугун эса, бунинг мутлақо акси кузатилди. Бунга сабаб нима?
- 1-бўлимнинг 28 дақиқасига қадар яхши ўйин кўрсатдик. Лекин доимгидек, бизга илк голни киритиб олиш етишмаябди. Йигитларга ҳар ўйинда катта босим бўлмоқда. "Динамо" ва "Нефтчи" билан баҳсларда гарчи йирик ҳисобда мағлуб бўлган бўлсакда, ёмон ўйнамаган эдик. Танаффус пайти иложи борича футболчиларнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилдик. Кетма-кет киритилган 4 та голдан кейин шогирдларим руҳий томонлама ўзини ўнглай олмади. Бундай беллашувлардан кейин жамоанинг ўзига келиб олиши жуда оғир бўлади.
-Иккинчи даврада "Олимпик"ка жуда қийин бўлмоқда. 1-2 тажрибали футболчиларни ҳисобга олмаса, асосан ёшлар билан ишлашга тўғри келмоқда. Айнан ёшлар билан иш олиб бориш қай даражада қийин бўлмоқда?
- Қийинчилик бор. Бундай ишлаш осон ҳам эмас. Футболчиларга кўп ҳолларда тажриба етишмаябди. Шу сабабли кўп хатолар кузатилмоқда. "Пахтакор"дек клублар эса, бундай хатоларни асло кечирмайди. Чемпионат давомида нима бўлишини вақт кўрсатади.
- Темур Кападзедан кейин жамоани қабул қилиб олдингиз. Жамоа аввалги мураббий даврида қай даражада шаклланган. Хозиргисидан қандай фарқли жиҳатлари бор?
- Биз бу борада ҳар бир ўйиндан кейин таҳлил олиб борамиз. Барча мураббийлар билан ҳамжиҳатликда келишиб, ўз ўйинимизни шакллантиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бир қанча тажрибали футболчилар жамоани тарк этганидан кейин барча масъулият шу клубда қолганларнинг зиммасига тушмоқда. Барибир,уларга ҳар бир ўйинда қийин бўлмяти. Сабаби эса яна ўша тажриба етишмаслигида. Биз ҳам мағлубиятлардан албатта ҳафамиз. Лекин, ўйиндан-ўйинга янада кучли бўлиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Чемпионат якунида қайси ўринда бўлишимизни эса, ўша пайтга келиб, билиб оламиз. Баландпарвоз гапиришни истамаймиз. Лекин "Сўғдиёна" билан ўйинда ҳам, "Металлург" билан баҳсда ҳам ғалаба қозона олардик. Бироқ, якунловчи нуқтани қўядиган, ўйинни олиб чиқиб кета оладиган тажрибали футболчилар етишмаслиги билиниб қолмоқда.
Фикрлар