Денисов Сергеевга қарши туролмади!
Россия Миллий футбол лигасидаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган “Томь” ўз майдонида мусобақа пешқадами “Крилья Советов” футболчиларини қабул қилди.
Мезбон жамоа сардори Виталий Денисов шу куни собиқ жамоасига қарши тўп тепди. Учрашувда турнирда турли мақсадлар сари курашаётган жамоалар ўзаро тўқнаш келган бўлса-да, баҳс кескин ва муросасиз руҳда ўтди.
Биринчи бўлим ўрталарида мезбонлар ўз жарима майдончасида рақиб футболчисига нисбатан ўйин қоидасини бузди. Иван Сергеев 11-метрлик белгидан аниқ зарба билан ҳисобни очди. Кейинроқ, Виталий Денисов рақиб ҳужумини қайтариш чоғида қўполлик ишлатгани учун 43-дақиқада ҳакам томонидан огоҳлантирилди.
Ўйиннинг иккинчи ярмида “Томь” футболчилари ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлганди. 64-дақиқада Ричлорд Эннин аниқ зарба билан пешқадам жамоа дарвозабони Иван Ломаевни ожиз қолдирди.
Бироқ, 76-дақиқага келиб, Виталий Денисов бошчилигидаги ҳимоячилар Иван Сергеевни тўхтатиб қола олмади ва лига тўпурари иккинчи голини киритиб, “Крилья Советов” ғалабасини таъминлади. Ўйин охирида Егор Голенков мезбонлар дарвозасига учинчи голни ҳам урди.
“Томь” 29 та учрашувда 21 очко тўплаган ҳолда, 21-поғонада қолмоқда.
Фикрлар