Дилшод Раҳматов: “Буни билмаганни кўзи кўр бўлади”
Хабарингиз бор, футзал бўйича илк бор ўтказилган “CAFA Futsal Cup 2023” чоғида терма жамоамиз муносиб иштирок эта олгани йўқ. Мусобақадаги сўнгги ўйин олдидан эса, ҳатто 5 та футзалчимизни термадан четлатилгани ҳақидаги хабар ҳам пайдо бўлди. Яна айрим манбалар ишга букмейкерлик идоралари аралашгани ҳақида ҳам ёзди. Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида, терма жамоамиз сардори Дилшод Раҳматов билан боғландик.
- Тожикистонда нима бўлди? Нега бирданига 5 футзалчини терма жамоадан четлатишди?
Футзалда CAFA мусобақаси биринчи марта бўлиши! Бизга федерация томонидан яхши шароит яратиб берилди. Машғулотларимиз яхши бўлган эди.
5 футзалчи четлатилмади ва хеч қандай тотализатор бўлмаган. Бу гапни терма жамоа аъзоси ва терма жамоа ичидаги муҳитни хар қандай мухлисдан ва айрим қўштирноқ ичидаги ақлли журналистлардан кўра яхшироқ билганим учун айтяпман!
2-3 йил футзални кўриб, ўзини футзални жуда яхши биламан деб тушунадиган ақллилар билан тенглашиб ўтирмоқчи эмасмиз! Насиб қилса, биз яхши натижалар билан жавоб қайтарамиз! Охирги 10 йилда Осиё чемпионатида деярли барча мусобақада медаль олдик! 2 марта жаҳон чемпионатида ўйнадик. Бу ўзидан-ўзи бўлмаган! Бу натижаларни кечагина футзал кўришни бошлаган ёш мухлислар билишмайди ва тушунишмайди.
- Нега айнан етакчилар кетди? Жамоани тарк этган йигитларни кетишига Баҳодир Аҳмедовнинг алоқаси борми? Бу нарсага мураббий қандай реакция билдирди?
Бизни ишқибозларимиз футзалдан доим энг яхши натижани кутади. Уларни бунга ҳаққи бор. Етакчилардан эса, ўз-ўзидан маълумки доим яхши ўйин талаб этилади. Афсуски, мусобақада биз ўзимизни энг яхши ўйинларимизни намойиш эта олганимиз йўқ. Мураббий биздан кутган натижанинг яримини ҳам кўрсата олмадик. Мана шундан келиб чиқсак, Қирғизистон билан баҳсда бизга дам беришди.
- Юртимизда бўлиб ўтадиган футзал бўйича жаҳон чемпионати олдидан, бу воқеалар ички муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдими?
Қайтариб айтаман. Ҳеч ким терма жамоадан ҳайдалгани йўқ. ЖЧ бу чинакам улкан воқеа! Уни муносиб қабул қилишимиз лозим. Термада ҳам, энг кучлилар ўйнайди. Унда ҳеч ким ўзи учун жойни кафолатламаган. Жамоадошларимни ватан шаъни учун майдонда жанг қилшига шубҳам йўқ. “CAFA Futsal Cup 2023” эса, шунчаки бизга "тарсаки" бўлди.
- Яқинлашиб келаётган Футзал бўйича ЖЧ учун муносиб тайёргарлик бошланди деб ҳисоблайсизми?
ЖЧ бошланишига қадар вақтимиз кўп эмас. Шу билан биргаликда, кам ҳам эмас. Бу вақтдан унумли фойдаланишимизга ишонаман. Федерация бизга керакли бўлган кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинларини ташкил этиб бермоқда. Очиғи, бу кунларни орзу қилиб кутганман. Агар уни қадрига етмасак, қўпол қилиб айтганда “кўр бўлишимиз” аниқ.
- Баҳодир Аҳмедов ўрнига хориждан кучлироқ мураббий олиб келиш керак деган фикр кўп янграмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?
Менда бошқачароқ вариант бор. Масалан, бирор бир хорижлик мураббий Баҳодир Аҳмедов билан тандемда ишласа, биз учун янада кўпроқ имкониятлар эшиги очилиши мумкин. Масалан, ўша биз билган Мендесни олайлик. Унинг ҳозир термага таклиф этилиши, худди аввал бўлгани каби ҳозир ҳам яхшигина плюс бўлиши турган гап.
Фикрлар