Дисквалификация, чемпионлик мақсади, саудияликларнинг қизиқиши...ёхуд Азиз Турғунбоев ҳақида
«Навбаҳор»нинг ўтган мавсумда 9-ўринни эгаллаган ҳолда қониқарли натижа кўрсата олмагани унинг мухлисларини ранжитгани рост. Шу боисдан 2019 йилги чемпионат наманганликлар учун муваффақиятсиз кечди. Лекин ўз ўрнида шуни ҳам айтиш жоизки, дисквалификация туфайли биринчи даврада жамоасига ёрдам бера олмаган Азизбек Турғунбоев мавжуд муаммоли вазиятни ортда қолдириб яна «Навбаҳор»га қайтган ҳолда иккинчи даврада наманганликларнинг барча учрашувларида иштирок этди. Айнан унинг майдонга қайтганлиги ишқибозларни қувонтирди. Агарда у мавсум бошидан «Навбаҳор» сафида ўйнашни бошлаганида балки ўзининг фойдали қирраларини янада ёрқинроқ кўринишда намойиш этган бўларди. Бугунги мақоламизни эса айнан Турғунбоевга бағишлаймиз.
Одатда ортда қолган йилни ҳамма ўзича таҳлил қилади, қандай таассурот қолдирганини аниқлайди. Шунга яраша, «Мавсум-2019» бўйича мураббий-ю, футболчилар ҳам ўз таассуротларига ва муайян фикрларига эга бўлишди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда ҳам Турғунбоев дастлаб 2019 йил унинг учун қандай ўтганлиги борасида ўз фикрларини билдирди.
- Биласиз, мен йилнинг бошидан ўйнаганим йўқ. Дисквалификация туфайли олти ой давомида футболдан четда юрдим. Шундан сўнг яна майдонга қайтдим. Бироқ спорт формамга кириб олишим мен учун анча қийин бўлди. Афсуски, энди ўйинимни топиб, голлар уришни бошлаганимда мавсум тугаб қолди (кулади). Чемпионат биз учун унчалик яхши ўтмади, аммо нолимайман. Олти ой ўйнамаган бўлсам ҳам кейинчалик майдонга қайтиб яна голлар уришга муваффақ бўлдим. Умумий маънода эса барибир кўнглим тўлмади.
Азизбекнинг мавсумдан кўнгли тўлмаганлиги катта эҳтимол билан унинг дисквалификацияси билан боғлиқ эди. Буни унинг ўзи ҳам тасдиқлаб ўтди.
- Ҳа, дисквалификацияга учраганим боис ярим мавсум ўйнай олмадим. Агарда чемпионатни тўлиқ ўтказганимда ўйлайманки, мен учун ҳаммаси бошқача кечган бўларди. Қолаверса, спорт формамга кириб олишим ҳам мен учун у қадар қийин кечмаган бўларди. Балки тўлиқ ўйнаганимда мавсум якунига келиб йилнинг энг яхшилари қаторига кирган бўлармидим?! Ҳар қандай футболчига олти ой ўйин амалиётисиз қолиб кетиши оғир бўлади. Менга эса спорт формамга кириб олиш анча-мунча қийин кечди. Юқорида айтганимдек, ўйинимни энди топдим деганимда мавсум ҳам тугаб қолди.
Турғунбоевнинг биринчи даврада «Навбаҳор»га ёрдам бера олмагани ва ўз навбатида жамоадаги ўрни билингани ҳақида кўпчилик фикр билдирди. Шунингдек, иккинчи даврада эса мураббийлар алмашинуви туфайли жамоа ҳам сарсон бўлиб қолди. Азиз эса «Навбаҳор»нинг чемпионатдаги иштироки борасида ўз хулосаларини билдирди.
- Менимча, жамоамиз биринчи даврада яхши натижа кўрсатганди. Ўйинлари ҳам чакки эмасди. Кейинчалик орада мураббий алмашди, шу сабаб туфайли йигитлар янги мутахассисга кўникиб кета олмадилар. Ёки бўлмаса футболчилар Деян Журжевичнинг тактикаларига тушунишмагандир. Хуллас, нимадир бўлди-ю, жамоа анча орқага кетди. Шунинг ҳисобига менимча 9-ўринни олдик деб ўйлайман. Бир қанча учрашувларда ютқазиб қўйганимиз ҳам бизга қимматга тушди.
Албатта, Турғунбоевнинг гапларида жон бор, барибир мураббий алмаштирилгани жамоа ўйинига ва натижаларига салбий таъсир кўрсатди. Россиялик Андрей Канчельскис клубга қайтарилганидан кейин ҳам негадир «Навбаҳор» ўз ўйинини топиб кетиши қийин кечди.
- Канчельскис қайтганидан сўнг ўйинимизда яна ўзгаришлар бўлди, анча ҳужумкор ўйнай бошладик. Лекин натижалар биз кутгандек чиқмади. Кўпроқ дуранг натижалар бўлди. Ўйлашимча, омадимиз ҳам чопмади. Қолаверса у мураббийдан бу мураббийга мослашиб кетишимиз ҳам бизга қийинроқ бўлди, шекилли, - дея муносабат билдирди, футболчи.
Яқинда Деян Журжевичнинг ўзи билан гаплашганимизда у «Навбаҳор» ҳақида гапирар экан, айниқса, Азиз Турғунбоевга алоҳида тўхталиб, унинг катта иқтидор эгаси эканлигини ва келажаги порлоқ футболчи сифатида кўраётганини алоҳида таъкидлаб ўтганди. Қолаверса, Турғунбоев пенальтидан гол ура олмаган вазиятларда ҳам мураббий уни қўллаб-қувватлашда давом этганини ҳам айтиш жоиз. Қизиқ, ўша пайтда нима учун футболчилар мураббийга мослашиб кета олишмади ёки жамоа уни қабул қилишни хоҳламаганмиди? Бунга Турғунбоев қуйидагича жавоб қайтарди:
- У мураббий ҳам ёмон эмасди. Унинг ўзига яраша ишлаш услуби бор эди. Мен «Навбаҳор»га қайтган пайтимда Журжевич бош мураббий этиб тайинланганди. Менга ёққан томони шунда бўлгандики, ўша пайтда мураббий катта далда берганди. Сен энг яхшисисан, янада кўпроқ ҳаракат қил, сенда иқтидор бор деб кўнглимни кўтарганди. Айтмоқчиманки, ўз ўйинимни топиб олишимда катта ёрдам берган. Шу томонлама ҳам Деян Журжевич менда катта таассурот қолдирганди. Лекин нимагадир у келганидан сўнг жамоамиздан омад юз ўгирди ёки нимадир етишмасди. Унинг бошчилигида битта ўйинда ютдик. Аммо Журжевич қўл остида кўрсатган ўйинларимиз ҳам чакки эмасди. Масалан, тўпни ўзимизда назорат қилиш, ҳужумкорликни ошириш ва имкониятларни яратиш бўйича ҳам ишларимиз ёмон эмасди. Шунчаки натижа бўлмади. Аммо ўйин яхши эди. Ҳар бир учрашувда камида 3-4 тадан имкониятларга эга бўлардик. Аксига олиб ўша вазиятларда ҳам биз омад келмагани учун гол ура олмасдик. Умуман айтганда, Журжевич ҳам яхши мураббийлардан бири эди.
Бундан ташқари, яқинда «Навбаҳор»да яна бош мураббий масаласи жиддий муҳокама қилинганлиги ва бу борада Андрей Канчельскиснинг тақдири сўроқ остида қолганлиги ҳақида ҳам эшитгандик. Аммо якунда клуб барибир россиялик мутахассисга ишонч билдиришда давом этди. Хўш, «Навбаҳор» бу мураббий билан мақсадига эриша оладими?
- Канчельскис ҳам олий даражадаги мураббийлардан бири. Ҳамма унга ишонч билдиряпти ва биз ҳам унга ишонамиз. Канчельскис «Навбаҳор»нинг мақсадига эришишида ёрдам беради деб умид қиламан. Ўзи ҳам ўйнаб юрган пайтларида Европа футболини кўрган. Унинг ҳам машғулотлари яхши. Лекин нимадир етишмаганди. Энди янги мавсумда барча камчиликларни тўғрилаб жамоани чемпион қилади деган умиддаман.
Ўз навбатида шуни ҳам унутмаслик керакки, Турғунбоев ўтган йили оғир дамларни енгиб ўтди. Бу айнан унинг дисквалификацияси билан боғлиқ. Шундан сўнг у матбуотда ҳам кўринмай қолганди. Табиийки, ўша пайтларда нималарни ҳис қилганини унинг ўзи билади. Ўтган йилнинг иккинчи даврасида яна майдонга қайтганидан кейин ҳам футболчининг дисквалификация учун муносабат билдирганини эшитмадик. Хўш, у бўлиб ўтган ишлардан қандай хулоса чиқарди?
- Тўғриси, бу нарса менга ёмон таъсир қилди. Албатта, айрим мухбирлар мендан интервью беришимни ҳам хоҳлашди, аммо бунга ўзим рози бўлмадим. Нимага? Чунки олти ой футбол ўйнамай юрганимда бирортаси менга қўнғироқ қилиб, аҳволинг қандай, қаерда шуғулланяпсан, ўзингни қандай ҳис қиляпсан деб ҳолатим билан қизиқишмаганди. Футболга қайтганимдан кейин эса яна интервью беришимни исташди. Аммо ўшанда ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламадим. Натижада матбуотдан четда юрдим. Дисквалификацияга учраганим мен учун дарс бўлди. Тўғри, хато қилиб қўйдим. Шу ҳолат бўлиши керак экан, шундай бўлди. Бундан ўзим учун тегишли хулосаларни чиқардим. Футболга қайтганимдан сўнг яна терма жамоага чақиришди. Бу эса мен учун янги имконият. Ҳаммасини яна бошидан бошлаяпман.
Охирги пайтларда «Навбаҳор» тўғрисида чиқаётган хабарлар ҳаммани қизиқтириб келяпти. Масалан, кўплаб легионерларнинг йиғинга қўшилиши айтиляпти. Бизни эса Турғунбоевнинг кейинги тақдири қандай кечиши қизиқтиряпти. Маълумотларимизга кўра Азизга қизиқарли таклифлар ҳам йўқ эмас. Бундай вазиятда эса аниқ жавобни фақат унинг ўзидан эшитишимиз мумкин.
- Тўғри, менга таклифлар бўляпти, хориж клубларидан ҳам қизиқишлар бор. Лекин ҳозирда ўзимизда ҳам шароитлар яхши. Вилоят ҳокими Хайрулла Ҳайитбоевич Бозоров клубга жуда катта эътибор қаратяпти. Худо хоҳласа, бу мавсумда жамоа фақат чемпионлик учун курашади. Насиб бўлса, «Навбаҳор»да қолиб, мақсадимизга эришиб, клубни Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқиб кейин кетаман.
Албатта, унинг мақсадларини кўриб турибсиз, ўзига яраша жиддий. Хўш, у «Навбаҳор» билан шартномасини узайтирганми? Бу масала бўйича шундай деди:
- Йўқ, ҳали янги шартнома тузмадим. Агарда четдан яхши таклиф бўлиб қолса ва бунга раҳбарларимиз ижобий қараб кетишимга рухсат беришса, шундагина жамоамни алмаштиришим мумкин. Агар рухсат беришмаса «Навбаҳор»да қоламан.
Юқорида унинг ўзи хориждан таклифлар борлиги ҳақида бежизга айтгани йўқ. Боиси Турғунбоевга араб клубларидан қизиқарли таклифлар бўлаётгани ҳақида ҳам маълумотлар йўқ эмас. Бу масалага эса унинг ўзи қуйидагича изоҳ билдирди:
- Тўғри, менга чиндан ҳам Саудия Арабистонидан таклиф бўлди. Шундан сўнг Эрондан ҳам чақирув бўлди. Булардан ташқари, Малайзия ҳамда Таиланд клублари ҳам таклиф билан чиқишди. Айниқса, саудияликлар менга анча қизиқиш билдиришди. Лекин ҳозирча бу масалада бирор нима дея олмайман.
Турғунбоев ҳақидаги ҳар қандай хабар ва янгилик мухлисларни, журналистларни ва мутахассисларни ҳам қизиқтириши табиий. Умуман олганда, бу футболчига хориждан қизиқарли таклифлар бўлаётгани унинг имкониятлари катта эканлигини ҳам билдириб турибди. Шундай экан, футболчининг ўзи ҳам легионер сифатида четда тўп суришга қай даражада қизиқиш билдиряпти? Бунга қуйидагича фикр билдирди:
- Албатта, ўзим ҳам қизиқиб турибман. Европа ва кучли клубларда тўп суриш ҳамма футболчиларнинг орзуси. Юқорида айтганимдек, агарда раҳбарларимиз келишиб қолишса ва кетишимга рухсат беришса хорижга кетишим мумкин.
Шунингдек, юқорида Азиз «Навбаҳор»нинг мақсади чемпионлик эканлигини ҳам айтиб ўтди. Албатта, наманганликларнинг ўз олдига яна катта вазифаларни қўяётгани чемпионатимиздаги интриганинг ошишига ҳам туртки бериши тайин. Лекин бир жиҳатни ҳам унутмаслик керакки, одатда «Навбаҳор»нинг мавсум бошида шов-шувли ўзгаришларга қўл уришига ва мақсади жиддий эканлигига кўп гувоҳ бўлганмиз. Масалан, ўтган йили ҳам наманганликлар камида учинчи ўрин учун курашишга бел боғлашганди. Аммо якунда 9-ўрин билан кифояланишди. Доимгидек, бу йил ҳам «Навбаҳор»нинг «иштаҳаси» карнай. Бироқ яна ўтган йилги ҳолат такрорланиб қолмасмикин? Албатта, энди бундай бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу масалада ҳам Турғунбоев ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ҳаммасини вақт кўрсатади. Олдиндан бирор нима деб бўлмайди. Клубда ҳамма бир мақсад йўлида ҳаракат қиляпти. Лекин бу – футбол ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки чемпион бўлармиз ёки кучли учталикка кирармиз. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам «Навбаҳор»ни чемпион қилишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Энг асосий вазифа - Осиё Чемпионлар лигасида тўп суриш орзуси катта.
Шунингдек, ўтган йили Азиз Турғунбоевнинг хизматига «Пахтакор» ҳам жиддий қизиқиш билдириб, уни қўлга киритишга роса уриниб кўрганди. Бу ҳам унинг иқтидори катта эканлигини кўрсатиб турибди. Қизиқ, «Пахтакор»дан унга яна таклиф бўлдими? Бу борада футболчи айтдики, «Пахтакор»дан бошқа чорлов бўлмаган. Айтмоқчимизки, Турғунбоев ҳар қандай жамоанинг ўйинини кучайтира олади. «Навбаҳор»нинг мақсади чемпионлик экан, у ҳолда жамоага яна Турғунбоевга ўхшаган футболчилар зарур бўлади.
- Тўғри, бир ўйинчининг ўзи ҳеч нимани ҳал қила олмайди, - дея мавзуни давом эттирди, Азиз. - Футбол бу жамоавий ўйин. Кўриб турибсиз, жамоамизда анчагина ўзгаришлар бўляпти. Кўплаб легионерлар таклиф қилиняпти. Уларни кўрикдан ўтказишиб, ёққанини олиб қолишади. Чемпионлик учун кураша оладиган жамоани шакллантиришяпти. Бу борада айнан жиддий вазифани бажаришга ярайдиган футболчиларни олиб қолишади. Худо хоҳласа, янги мавсумда зўр жамоани туза олишади деган умиддаман. Мухлисларимиз эса ютсак ҳам, ютқазсак ҳам жон куйдириб қўллаб-қувватлашади. Қаерда ўйнасак ҳам бизни ёлғизлатиб қўйишмайди. Шу ўринда жамоа раҳбарларига ва бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган вилоят ҳокимига ҳам катта раҳмат айтмоқчиман.
Фикрлар