Диёр Имомхўжаев: Учта катта иш амалга оширилди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев "Андижон" клубининг янги раҳбарияти томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ўз фикрларини билдири ўтди.
"Андижон футбол клуби янги раҳбарият қўлига ўтганига ҳали 1 йил тўлгани йўқ. Мана шу давр ичида кўп иш қилинди. Ва камчилик ҳам жуда кўп, айниқса ўйинларни ташкил қилишда тажриба етишмаётган жиҳатлар бор. Аммо биз буни вақти билан жойига тушириб оламиз. Муҳими эса уч катта иш амалга оширилди.
Биринчиси, Андижон шарафини ҳимоя қилаётган клуб мусобақадан чиқиб кетаётган жойида олиб қолинди. Клуб нафақат мусобақани давом эттирди, балки Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолди.
Иккинчиси, "Соғлом авлод" стадиони реконструкция қилинди ва стадион атрофи вилоят аҳолиси бемалол сайр қиладиган ҳудудга айлантирилди.
Учинчиси, эски раҳбариятдан қолиб келаётган футболчилар олдидаги қарздорлик ёпилди. Биз айнан шу шарт билан янги раҳбарият билан ишладик. Бугун охирги 6 нафар футболчи билан ҳисоб-китоб қилинди.
Янги легионерлар ва улар билан боғлиқ масалалар, клубнинг ёшлар жамоалари ва ривожланиш дастурлари юзасидан тез орада раҳбарият билан Андижоннинг ўзида фикр алмашамиз", - деди Имомхўжаев.
Фикрлар