Достон Ҳамдамов янги жамоасидаги дебютини мағлубият билан бошлади
Яқинда Қатарнинг “Ал-Сайлия” клубига кўчиб ўтган ҳамюртимиз – Достон Ҳамдамов ниҳоят юлдузлар лигасидаги дебютини ўтказди.
Чемпионатнинг 17-турида “Ал-Сайлия” сафарда “Ал-Вакра” меҳмони бўлди. Ушбу беллашувда меҳмонлар бош мураббийи Сами Трабелси Достон Ҳамдамовни асосий таркибда майдонга туширди. 77-дақиқада эса захирага олинди ва ўрнига Мешал Ал-Шаммари ўйинга қўшилди. Унгача футболчимиз 45+4-дақиқада сариқ карточка ҳам “ишлаб” олди.
Афсуски, Ҳамдамовнинг янги жамоасидаги дебюти муваффақиятли чиқмади. “Ал-Вакра” “Ал-Сайлия”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйиндаги барча голлар биринчи бўлимда киритилди. Мезбонлардан 33-дақиқада Желсон ва 35-дақиқада Муҳаммад Бенетту гол урган бўлса, “Ал-Сайлия”дан Дрис Феттуи 45+2-дақиқада пенальтидан гол урди. Эътиборлиси, мезбонлар аъзоси – Муҳаммад Эмад Аяш 42-дақиқада қизил карточка туфайли майдондан четлатилди. Шунда ҳам Достон Ҳамдамов жамоаси майдонда бир киши кўп бўлишига қарамай, бундай имкониятдан фойдалана олмади.
Эслатиб ўтамиз, “Ал-Сайлия” айни чоғда Қатар юлдузлар лигасида 12 та жамоа орасида 7 очко билан сўнгги поғонада бормоқда. Клуб ҳисобида 1 ғалаба, 4 дуранг ва 12 та мағлубият бор. Ҳамдамов жамоаси навбатдаги турни 10 февраль куни ўз майдонида “Ал-Райян” жамоасига қарши ўтказади.
Фикрлар