Душанбедан дараклар. ОФК Кубоги финал олди матбуот анжумани қандай ўтди?

Душанбе: Тожикистон пойтахти катта футбол оқшомига тайёргарлик кўрмоқда. Мавқейи жиҳатидан Осиё қитъасида иккинчи рақамли чемпионат ҳисобланган ОФК Кубогининг финал баҳси айнан мана шу шаҳарда бўлиб ўтади. "Ҳисор" стадионида ўтказиладиган ушбу учрашувда маҳаллий "Истиқлол" жамоаси Ироқнинг "Эйр Форс" клубига қарши майдонга тушади.

Қаерга борманг эртанги футбол кечаси ҳақидаги қизғин суҳбатга дуч келасиз. Ошпазлардан тортиб такси ҳайдовчиларигача жамоалар қандай имкониятларга эга эканлигини муҳокама қилмоқда. Шаҳар аҳолиси ўзгача шукуҳ ва ҳуш кайфият билан финал баҳсини томоша қилиш учун тараддуд кўрмоқда.

Бугун "Hyatt Regency" меҳмонхонасида финал баҳси аввалидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда икки жамоа бош мураббийлари ва футболчилари иштирок этишди.

Анжуманнинг биринчи қисмида "Эйр Форс" клуби вакиллари журналистларнинг саволларига жавоб беришди. Жамоа бош мураббийи Ҳуссам Ал Саид эртанги ўйинда сунъий майсали майдонда ҳаракат қилиш жуда катта муаммо туғдиришини айтиб, эҳтимолий мағлубият сабабларини олдиндан айтиб қўйди.

Шу ўринда, SPORTS.uz мухбири сифатида Ироқ клуби ҳужумчиси Эмад Моҳсинга “эртанги ўйинда биринчи бўлиб гол киритиб олиб, кейинги дақиқаларда ҳақиқий "араб футболи"ни намойиш этмайсизларми?” дея савол бердим.

Ниманидир пайқаб қолган шекилли деган ўй-хаёл билан жавоб беришни бошлар экан, ироқлик футболчи бутун жамоа эртанги ўйинда ҳалол ўйин намойиш этишга ваъда берди.

Анжуманнинг иккинчи қисмида, "Истиқлол" бош мураббийи тожикистонликлар эртага фақат натижа учун ўйнашларини бот-бот такрорлади. 

- "Ўйинда энг муҳими бу натижа. Истиқлол футболчилари эртага фақат натижа учун ўйнайди ва қандай бўлса ҳам чемпионликни қўлга киритиш майдонда курашади" - деди Мухсин Мухаммадиев. 

Шунингдек, журналистнинг эртанги ўйинда Эйр форс жамоасига кутилмаган нимадир тайёрлаб қўйганмисизлар деган маънодаги саволига, Мухаммадиев босиқлик билан ҳазиломус жавоб берди.

- "Улар эртага кубокни бошимиз узра кўтараётганимизни кўришади. Улар учун бундан ортиқ сюрприз бўлмаса керак" - дея конференция залидаги барчани кулдирди, "Истиқлол" бош мураббийи.

Бош мураббийига эргашиб келган жамоа дарвозабони Никола Стошич ушбу ўйинга жуда ҳам яхши тайёргарлик кўрилганини ва чемпионликни қўлга киритиш учун барча футболчилар майдонда сидқидилдан кураш олиб боришларини айтди.

Ёқубжон Сохибов

Душанбе, Тожикистон