Шомуродовнинг Франциядаги ўйини ва голига “Рома”дан қандай муносабат бўлди?
Ўзбекистонлик спорт ишқибозлари бу галги Олимпия ўйинларини алоҳида қизиқиш ва эътибор билан кузатиб бормоқда.
Чунки тўтйилликнинг энг нуфузли мусобақасида илк бор ўзбек футболчилари ҳам иштирок этмоқда. Тимур Кападзе бош мураббийлик қилаётган истеъдодли ёшларимиздан таркиб топган терма жамоа Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Ҳусниддин Алиқулов каби тажрибали чарм тўп усталари ёрдамида Олимпиадага пухта тайёргарлик кўрганини намойиш қилди.
Гуруҳдаги биринчи турда ҳамюртларимизга рақиблик қилган Испания терма жамоаси гарчи 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, ўйинда анча қийналди. Европаликлар терма жамоамизнинг чаққон ва абжир ўйинчиларни кўпинча қоидани бузиш, либосдан тортиб қолиш ва қўполликлар эвазига тўхтата олди.
Бу галги Олимпиадада жаҳон футболида таниқли бўлган Николас Отаменди, Хулиан Альварес, Александр Ляказетт, Ашраф Ҳакими, Наби Кейта, Муҳаммад Элнени, Эрик Гарсия, Фермин Лопес, Жуниор Фирпо ва Элдор Шомуродов каби ўйинчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
29 ёшли Элдор Шомуродов олдида Ўзбекистон ёшларига ёрдам бериш, терма жамоадаги етакчилик масъулиятини ўз зиммасига олишдан ташқари шахсий жабҳадаги муҳим вазифаси ҳам бор. “Кальяри”даги ижара муддати тугаб яна “Рома” ихтиёрига қайтган ҳужумчи Олимпия ўйинлари баҳона ўзига ўйин амалиёти берадиган янги жамоа эътиборини жалб этиши керак.
Италиянинг машҳур манбаларидан бири corrieredellosport.it сайти айнан мана шу масалага оид маълумот чиқарди.
- Парижда Олимпия ўйинларининг нуфузли медаллари учун футбол турнири старт олди. Биринчи ўйинда Элдор Шомуродов бошчилигидаги Ўзбекистон футболчилари Испания терма жамоасидан аламли мағлубиятга учради.
Аслида ғалаба шиддатли ўйнаган Ўзбекистонники бўлиши керак эди, бироқ беллашувда катта қийинчиликка дуч келган Испанияга насиб қилди.
“Рома” футболчиси Элдор Шомуродов Марко Пубиль голига пенальтини совуққонлик ва хотиржамлик билан амалга ошириш орқали жавоб қайтарди.
Бироқ Серхио Гомеснинг голи Испания ғалабасини таъминлади.
Элдор Шомуродовнинг голи Даниэле Де Росси бош мураббийлигидаги “Рома” учун трансфер нуқтаи назаридан жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки римликлар жорий ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар ўзбек форвадига янги харидор топишга умид қилмоқда.
Париждаги Олимпия ўйинлари эса, футболчилар ўз салоҳияти ва малакасини намойиш этадиган муҳим мусобақа ҳисобланади, - деб ёзмоқда corrieredellosport.it сайти.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов Ўзбекистон Суперлигаси ва Россия Премьер-лигасидаги муваффақиятли фаолиятидан кейин 2020 йилнинг октябрь ойида Италиянинг энг қадимий клуби “Женоа”га трансфер қилинганди.
Бир мавсумдан кейин ўзбек футболчисини “Рома” ўз таркибига қўшиб олди. Элдор кейинчалик “Специя” ва “Кальяри” клубларида ижарада ўйнади. Шомуродовнинг Рим суперклуби билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ёзига давом этади.
Ўзбекистоннинг Олимпиададаги ўйинига турли мамлакатлардан қандай муносабат бўлди?
“Париж-2024”: Шомуродов, Файзуллаев ва Олимпиаданинг энг машҳур юлдузлари!
Фикрлар