Дзюдо. Исроилдаги Мастерс турнирида иштирок этадиган терма жамоамиз таркиби эълон қилинди
20-22 декабрь кунлари Исроилнинг Қуддус (Иерусалим) шаҳрида дзюдо бўйича Мастерс турнири бўлиб ўтади. Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати ушбу турнирда иштирок этадиган терма жамоамиз таркибини эълон қилди. Унг кўра, дзюдо оламидаги йилнинг якуний турнирида 17 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Мастерс нуфузи жиҳатидан жаҳон чемпионатидан кейинги поғонада турувчи мусобақа ҳисобланади. Унда жаҳон рейтингида 36 таликдан жой олган спортчиларгина иштирок этиши мумкин. Турнирда ўз вазн тоифасида ғолиб бўлган спортчи ҳисобини жаҳон рейтинги учун 1800, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида эса 900 очкога бойитиб олади.
Илиас Илиадис бошчилигидаги жамоа айни пайтда Токиода халқаро ўқув-машғулот йиғинида бўлиб турибди. Ҳамюртларимиз 16 декабрь куни Япониядан Исроилга йўл олишади. Таркиб билан танишинг:
Эркаклар: Дилшодбек Баратов (-60 кг); Сардор Нуриллаев ва Муҳриддин Тиловов (-66 кг); Шаҳрам Аҳадов, Обидхон Нўъмонов, Муроджон Йўлдошев ва Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг); Шарофиддин Болтабоев (-81 кг); Давлат Бобонов (-90 кг); Музаффарбек Тўрабоев ҳамда Отабек Тўрабоев (-100 кг); Алишер Юсупов ва Шоҳруҳ Бахтиёров (+100 кг).
Аёллар: Сида Қадамбоева ва Диёра Келдиёрова (-52 кг); Гулноза Матниязова ва Шоҳиста Назарова (-70 кг).
Фикрлар