Дзюдо. Терма жамоамиз Бокудаги "Катта дубулға" турнирини 4 та медаль билан якунлади
Озарбайжонда дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи навбатдаги мусобақа якунига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида оғир вазн тоифасидаги полвонлар ўртасида кечган бугунги беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
+100 кг вазн тоифаси финалида жаҳон рейтингининг амалдаги пешқадами, тожикистонлик Темур Раҳимовга қарши баҳс олиб борган Алишер Юсупов имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медал билан тақдирланди. Ушбу вазн тоифасида курашган бошқа бир вакилимиз Шоҳруҳ Бахтиёров эса бронза медали учун баҳсда финляндиялик Мартти Пумалайнендан устун келди.
Шу тариқа, терма жамоамиз Боку турнирини 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан якунлади. Мусобақа қаҳрамонлари:
Диёра Келдиёрова (-52 кг) - олтин
Алишер Юсупов (+100 кг) - кумуш
Сита Қадамбоева (-52 кг) - бронза
Шоҳруҳ Бахтиёров (+100 кг) - бронза
Фикрлар