ЕЧЛ чорак финалида рўбаро келган жуфтликлар ҳақида

Бугун ЕЧЛ чорак финал босқичига қуръа ташланди. Қуръа натижалари эса қуйидагича кўриниш олди.

Биз эса ушбу жуфтликлар тўғрисидаги айрим фактларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Бавария” – “Реал”

Бу жамоалар шу вақтга қадар 22 бор расмий ўйинда куч синашган бўлиб, уларнинг барчаси ЕЧЛ(ЕЧК) доирасида ўтгандир. Ўзаро ўйинларда устунлик немислар томонидадир – 11 ғалаба ва 3 дуранг. Қолган 9 беллашувда эса “қироллик клуби” муваффақият қозонган;

“Реал”нинг “Бавария” билан сўнгги уч ўйинида испанлар ғалаба қозонганлигини кўриш мумкин;

“Бавария” еврокубоклар доирасида ўз майдонидаги энг йирик мағлубиятни айнан “Реал”дан қабул қилиб олган – 0:4(2013/14 йилги мавсумда);

Бу икки жамоалар плей-офф босқичида 10 марта тўқнаш келишган ва ҳар икки жамоа ҳисобида 5 тадан ғалаба(икки ўйин натижасига кўра) мавжуд.

“Ювентус” – “Барселона”

Мазкур икки жамоа ўзаро 7 бор расмий ўйинда тўқнаш келган. “Барселона” ҳисобида 3, “Юве” ҳисобида эса ўзаро ўйиндаги икки ғалаба мавжуд. Қолган икки ўйинда эса клублар муроса кўчасини танлашган;

Сўнгги бор эса ушбу клублар 2015 йил Берлинда ўтган ЕЧЛ финалида тўқнаш келишган ва ўшанда каталонияликлар рақибларидан 3:1 ҳисобида устун келишган;

2002/03 йилги мавсумда эса бу клубларнинг йўли худди ҳозирги каби чорак финалда кесишади. Ўшанда Туриндаги баҳсда 1:1 ҳисобида қайд этилган бўлса, “Камп Ноу”даги жавоб беллашуви 2:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлган эди.

“Атлетико” – “Лестер”

“Лестер” еврокубокларда 3 марта иштирок этган бўлса(буниси тўртинчиси), икки сафар “тулкилар”нинг йўлига айнан “матрасчилар” ғов бўлишган;

1961/62 йилги мавсумда КEКда “Атлетико” “Лестер”ни умумий 3:1 ҳисобида мағлуб этган;

1997/98 йилги УEФА кубогида эса “тулкилар” ҳар иккала ўйинда ҳам 1:2 ҳисобида “Атлетико”га имкониятни бой берган;

Қайд этиб ўтиш жоиз, “Атлетико” ўз майдонида инглиз жамоаларига умуман ютқазган эмас – 5 ғалаба ва яна шунча дуранг.

“Боруссия Дортмунд” – “Монако”

Бу икки жамоалар илк бор ўзаро баҳс олиб боришади;

Дортмундликларнинг супертўпурари – Пьер-Эмерик Обамеянг 2010/11 йилги мавсумда айнан “Монако” сафида ижара асосида тўп сурган бўлиб, ўша мавсум “Монако” либосида икки бор гол киритишнинг уддасидан чиққан;

“Боруссия” француз жамоаларига ўз уйида фақат бир бор мағлуб бўлган. Бу борада умумий натижалар эса қуйидагича кўриниш олган: 6 ғалаба дортмундликлар ҳисобида, 5 ғалаба эса князлик клуби ҳисобида. Қолган 5 ўйинда эса ғолиб номи  аниқланмаган.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!