ЕЧЛ финалида ўйнаган ва Франция терма жамоасига чақирилган йигит ҳикояси!
Хабарингиз бор, Иброҳим Конате Франция терма жамоаси сафига илк бора чақирилди. У қийин мавсумдан кейин жамоага қандай мослашгани ҳақида гапириб берди. Шунингдек, ўз кумерлари ким эканлиги, Ван Дейкнинг ҳимояланишдаги сири ҳамда ўзи намойиш этаётган ўйин борасида фикр билдирди. Ушбу қизиқарли ҳикоя ёки интервью сизни ҳайрон қолдириши аниқ.
Қўнғироқ ҳақида: Мен Грецияда дўстларим билан қайиқда эдим. Биз жуда хурсанд эдик. Телефонимни топганимда, иккита ўтказиб юборилган қўнғироқни кўрдим. Рақамни билмаганим учун қайта қўнғироқ қилишга қарор қилдим. Бу ажойиб! Дўстларим рақсга тушишди ва мен буни дарҳол оиламга айта олмадим. Тўғриси, жуда хурсанд бўлдим. Бу ердагилар мени жуда яхши кутиб олишди. Кўпчиликни узоқ вақтдан бери биламан.
Чарчоқ ҳақида: Менга бироз қийинроқ, аммо Чемпионлар лигаси финалида ўйнадим. Шу сабабли ҳам менда ритм бор. Тайёрманми ёки йўқ, бу менинг танловим эмас. Воқеалар кетма-кетлигини ҳазм қилиш осон бўлмади. Айниқса, эмоцияларга бой мавсумдан сўнг.
Жаҳон чемпионати ҳақида: Чемпионлар лигаси финалидан сўнг, жаҳон чемпионатида ўйнаш бу менинг орзум эканлигини айтгандим. Бироқ ниятим бу қадар тез амалга ошади, деб ўйламагандим. Қатардаги мундиалда шу жамоа билан бўлиш учун яна ҳам кўпроқ меҳнат қилмоқчиман. Мен ўзимга босим ўтказмайман. Сабаби, мавсум мундиалдан аввал бошланади.
Кумерлар ҳақида: Ҳимоячилар орасида Серхио Рамос ҳамда Ван Дейкни ўйинларини ёқтираман. Рамос ҳақиқий девор! Унинг машғулотларга биринчи бўлиб келиши ва охирги бўлиб кетиши ҳақида берган интервьюси эсимда. Шунингдек, Франция терма жамоасидаги ҳамма. Тьерри Анри ва Зиданни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсам, терма жамоа либосида тўп тепаман, деб ўйламасдим. Бу ҳаётда шунчаки яшанг, лекин кўп ҳам орзу қилаверманг.
"Ливерпуль" ҳақида: Менга "Ливерпуль"да нафақат Ван Дейк, балки, бутун жамоа ёқади. Матип, Жо Гомес каби тажрибали йигитлар билан бирга тўп тепаман. Виржил айни вақтда дунёнинг энг зўр ҳимоячиси. У менга жуда кўп маслаҳат беради. Шунингдек, ўз ўйинимни ўйнашимга имкон беради. Қисқа қилиб айтганда, у менга ишонади. Умуман, бу ерда ҳаммадан олдин билмаган нарсаларимни ўргандим. "Лейпциг"да бўлган пайтимда Нагельсманн қўл остида баланд ҳимоя чизиғида тўп тепганман. Шундай бўлса ҳам, бу мавсум ўзим учун жуда кўп янги нарсаларга дуч келдим. Мисол тариқасида, мен тез-тез статистикага қарайман ва Виржил ўйинларда мендан камроқ югурганини кўраман. Аввалига ҳайрон қолдим. Сўнгра тушуниб етдимки, бу унинг ақл-заковатидан далолат. Учрашувдаги муҳим паллалар учун куч сақлашни ундан ўрганиш зарур.
Ўйинларни томоша қилиш ҳақида: Авваллари футбол учрашувларини кузатмасдим. "Лейпциг"даги йигитлар бунинг учун мени айблашарди. Айниқса, Мукиеле. "Ливерпуль"га келганимдан сўнг Ван Дейк айтарди: "Бу футболчи мана бундай ўйнайди, бошқаси эса бундай". У кўплаб беллашувларни томоша қилар ва ким нима қила олишини аниқ биларди. Энди мен ҳам рақибларимни кузатиб бораман.
Ўйинидаги афзалликлар ҳақида: Тизим бўлишидан қатъи назар, мен ўзимда қандайдир афзалликлар бор дея олмайман. "Лейпциг"да одатда 3 та ҳимоячи схемасида ҳаракатланардик. Мерсисайд клуби 4 ҳимоячи билан ўйнайди. Шу туфайли, ҳар бир тактик схемада ўз вазифаларим бор. Ҳамма ерда бўлгани каби бу ерда ҳам ўзига хос рақобат мавжуд. Мазкур ҳолат диққатимизни жамлашга ва ўсишимизга ёрдам беради. Кучли рақобат бўлса, унда таркибда жуда яхши ўйинчилар бор. Топ футболчиларнинг кўплиги савиядан далолат. Албатта, бу Франция терма жамоасида ўз ўрнимга эга бўлишим учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.
Худайқулов Карим таржимаси
Фикрлар