Эдди Хирн Жошуа кимлар билан жанг қилиши мумкинлигини айтди
Профессионал бокс оғир вазн тоифаси собиқ жаҳон чемпиони Энтони Жошуа Олександр Усикка қарши реванш жангини ўтказиши белгиланган эди. Аммо вазият тақозоси сабаб Усик ҳозирда бу жангга эътибор қаратмаяпти. Matchroom компанияси раҳбари Эдди Хирн Усик билан баҳс олдидан Жошуа учун оралиқ жанги ташкил этиш ниятида.
"Биз бир қанча рақибларни кўриб чиқмоқдамиз. Ўтган кечада Жошуа Усик каби чапақай боксчилар - Луис Ортис, Отто Уаллин вариантини, шу билан бирга Деонтай Уайлдер вариантларини айтиб ўтди.
Ўйлайманки, ҳозир Жошуадан кимни танлаган бўлар эдинг, деб сўралса, балки у Уайлдерни танлаган бўларди",-деди Хирн IFL TV'га берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида ташкил этилган бокс оқшомида Жошуа WBА, WBО, IBF, IBO камарларини Олександр Усикка бой берган эди. Шартнома шартлари бўйича улар ўртасида реванш жанги ҳам ташкил этилади.
Фикрлар