"Элдор энг машҳур футболчимиз бўлса ҳам, энг хокисор йигитимиз"

Кеча Италия А сериясида “Рома” сафарда “Сампдория” меҳмони бўлиб, Генрих Мхитаряннинг ягона голи эвазига ўта қимматли ғалабани қўлга киритди. Биз учун яна бир муҳим жиҳати – бу Элдор Шомуродовнинг майдонга тушиши эди. Анчадан бери захирада қолдирилаётган ҳужумчимизга Моуриньо бу сафар охирги 10 дақиқа учун имконият берган ҳолда майдонга туширди. Бу кам, албатта. Аммо шундай ҳолатларга аллақачон кўникиб бўлдик.

Ҳа, Шомуродов “Рома”да асосий таркибдан жой ололмади. Бунга биринчи сабаб сифатида бош мураббий кўрсатиляпти. Ўйнашни ва жамоасига ёрдам беришни жуда истаётган ҳужумчимиз учун Жозенинг бундай муносабати ёқмаётганига ишонамиз. Яқинда Тошкентга келганида ҳам футболчимиз захирада ўтириш ёқмаётганини, мураббий билан муносабати олдингидек эмаслигини тан олди. Унинг бу гапидан айрим хулосаларга келиш мумкин. Бунинг устига Италия нашрлари Элдорнинг ўша сўзларини бошқача талқин қилгани ва бунинг ортидан Шомуродов ўзининг инстаграмдаги саҳифасида сўзлари нотўғри талқин қилинганини ёзиб чиққанини ҳам биласиз.

элдор1_3

Биласизми, ўзбекистонлик футболчининг “Рома”даги вазиятини диққат билан кузатиб бораётган клублар бор. Айниқса, немис клублари – “Хоффенхайм”, “РБ Лейпциг” ва “Фрайбург” томонидан ҳужумчига қизиқиш бўлаётганини сайтимиз орқали ҳам ўқиган бўлишингиз мумкин. Лекин ишонинг, бу ҳали ҳаммаси эмас. Элдорга яна кучли бешлик чемпионатининг бошқа вакилларидан ҳам таклифлар бўлади.

Ҳамюртимиз “Рома”даги ҳозирги ҳолатидан табиийки қониқмаяпти. Шу боис кўпчилик томонидан унинг Римдаги фаолияти бўйича фикрлар ва мулоҳазалар билдириляпти. Табиийки, ўз ўрнида биз ҳам легионеримизнинг у ердаги фаолиятидан қайғуряпмиз. У кетгани яхшими? Агар кетса, қаерга кетиши керак? Бизнингча, бу масала бўйича аллақачон футболчининг вакиллари ҳар эҳтимолга қарши турли вариантларни кўриб чиқаётган бўлса ҳам ажаб эмас.  

Яқинда таниқли шарҳловчимиз Хайрулла Ҳамидов Sports.uz сайтига терма жамоамизга доир фикрларини билдирганди ва ўшанда Шомуродов хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтганди.

“Элдорни “Рома”га нолойиқ, демайман. Бу ерда гап Моуриньода. Ҳар доимгидек агрессив ҳужумчиларга рўйхўшлик билдиряпти. Олдин ҳам шунақа эди. Барибир Элдорнинг табиати юмшоқ. Энг машҳур юлдузимиз бўлса ҳам, энг хокисор йигитимиз. Бошқа футболчи унинг ўрнида осмонларга чиқиб кетарди. Балки ҳужум чизиғида ўйнайдиган шунақа табиатли ҳужумчиларни Жозе унчалик хушламас. Гьянни майдонга туширяпти. Уни кўп хатолари бор, аммо африкалик ҳужумчини ташналиги, мотивацияси бор. Битта кроссовка бериб қўйса ҳам зўр ўйнаб қўйиши мумкин. Моуриньо Шомуродовнинг кўзида балки ўт кўрмаётгандир. Ёки унинг ўзи “Рома”га келганим етарли, деб ўйлаётгандир.

мхи

Олдин Шомуродовни Моурга жуда мос тушади, деб ўйлардим. Аммо охирги пайтларда туширмаётганидан ва ҳатто майдонга тушириши керак бўлган пайтларда ҳам захирада қолдирганидан келиб чиқадиган бўлсак, агрессив ҳужумчиларга эътибор қаратмайдиган “Севилья”га ўхшаган жамоаларга, схемасига эга бўлган клубга ўтиши маъқулмикин, деб ўйлаб қолдим. Гап “Рома” даражасига етмаганида эмас. Бошида ўйнади, голлар ҳам урди. Бошқа футболчилардан қолишмайди. Бу ерда гап Моуриньода, деб ўйлайман. Жангга битта қуроли билан чиқади. У ишласа ишлади, ишламаса ишламади. Шунинг учун жамоаси пастки ўринларда юрибди”, - дея фикр билдирди таниқли шарҳловчи.  

"Катанец икки хил гапирди, бу унинг хийласи" - Хайрулла Ҳамидов бугунги терма жамоамиз, мураббийнинг услуби ва Шомуродовнинг "Рома"даги тақдири ҳақида фикрини айтди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!