Элдор қайси чемпионатга мос тушмайди? Ёхуд катта Шомуродов укасининг келажаги ҳақида гапирди

“Ростов” ҳужумчиси Элдор Шомуродов борасида ҳам охирги пайтларда тез-тез янги хабарлар пайдо бўлиб турибди. У ёки бу клублардан қизиқишлар бўлаётганлиги хусусида маълумотлар йўқ эмас.

Тан олиш лозимки, “Ростов” тўпурарига чиндан ҳам Европа клубларидан жиддий қизиқишлар бор. Лекин бу борадаги аниқ ва ишончли хабарлар ҳали расман ўз тасдиғини топганича йўқ. Буни унинг агентлари яхши билишади.

Мухлислар ҳам Шомуродовнинг кучлироқ клублардан бирига кетишини исташмоқда. Ўйлаймизки, бундай истак ҳамюртимизнинг ўзида ҳам бор. Биз эса имкон қадар Элдор Шомуродовга яқин бўлган манбалардан қандайдир маълумотларни излашга ҳаракат қилмоқдамиз. Шу мақсадда куни кеча унинг акаси, ҳозирда Сурхондарё вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти сифатида фаолият олиб бораётган Санжар Шомуродов билан гаплашдик. Ўзаро мулоқот чоғида у, аввало укасининг “Ростов”даги фаолияти ҳақида тўхталди.

-  Тўғри, бошида қийналди, айниқса мослашиш жараёни осон кечмади. Лекин вақт ўтган сари Элдор ҳаммасига кўникиб кетди. Ҳужумчининг асосий вазифаси гол уриш. Худога шукурки, у клубида ўз ишини бажариб голлар уряпти. Лекин Элдор ҳали ҳам ўзининг максимал даражасига чиққани йўқ. Агар шундай бўлса, янада кўпроқ голлар ура олади.

санжар шомуродов

Шундан сўнг Санжардан укасининг атрофида тарқалаётган хабарларга ўз муносабатини билдиришини ҳам сўрадик.

-  Унинг агентлари бор ва барчасини ўзлари ҳал қилишади. Элдор нимани тўғри деб билса шунга қўл уради. Албатта, нимадир қилмоқчи бўлса маслаҳатлашамиз. Аммо якуний қарорни барибир Элдорнинг ўзи чиқаради. Мана, “Ростов”да тўп суришни ўзи истаганди, Россияда ўйнаб юрибди-ку. Ҳаммасини вақт кўрсатади, олдиндан бирор нарса дея олмайман.

Унинг қайси клубга кўчиб ўтиши борасидаги хабарлар ҳозирча миш-миш. Қачонки, расман янги жамоа билан шартнома имзолаганидан кейин шунда ҳаммаси аниқ бўлади. Унгача эса ҳеч ким бирор нима дея олмайди. Лекин агентлари ҳозирда кейинги тақдири борасида ишлашяпти. Қайси жамоа маъқул келса, ўша билан шартнома тузишади. Биз эса Элдорга фақат омад тилаймиз.

Шунингдек, ака-укалар тез-тез гаплашиб туришади ва қандайдир масала бўйича ҳам маслаҳатлашишади. Санжар эса Элдор билан доимий мулоқотда ва ундан кичик Шомуродовнинг кўпроқ қайси чемпионатга мос тушиши ҳақида сўраганимизда қуйидагича жавоб қайтарди:

-  Ҳа, Элдор билан гаплашиб тураман, аммо ўзи ҳам ҳали аниқ бир жамоа ҳақида гапиргани йўқ. Россия чемпионати 21 июндан старт олади. У бор эътиборини клубига қаратган. Ишонаманки, қайси чемпионатда бўлса ҳам ўйнаб кета олади. Фақат бунинг учун вақт керак.

Менимча, у ҳамма чемпионатга мос туша олади, фақат Италиядан бошқа. Нега деганда, Италия чемпионатида кўпроқ ҳимояга эътибор қаратишади. Шу боис у ерда ўйнаш жуда оғир. Зўр ҳужумчилар ҳам Италия чемпионатида ўйнаб кетиши қийин бўлган. Биламизки, Италияда ҳар доим ҳимоя кучли бўлган. Мана, унга Германия чемпионатида таклиф борлиги ҳақида айтишяпти. Аммо айнан қайси жамоадан эканлигини ҳеч ким билмайди, ҳатто Элдорнинг ўзи ҳам билмайди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)