Элдор Шомуродовга нима бўлди? Нега у Моуриньо учун кераксиз футболчига айланди?

Бир неча кундан бери терма жамоамиз аъзоси Элдор Шомуродовнинг “Рома”дан кетиши борасидаги хабарлар ўзбек ОАВда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Рим клуби яқинда аргентиналик машҳур футболчи Пауло Дибала билан шартнома имзолади ва табиийки, Рим клубининг келиши, легионеримизнинг ўйин вақтига таъсир ўтказади. Бу эса Элдор етарли ўйин амалиёти учун “бўрилар” сафини тарк этиши кераклигини англатади. Боиси, бир йилдан кейин Осиё кубоги, кейин эса ЖЧ саралаш учрашувлари доирасидаги муҳим баҳслар бор. Ўзбекистон терма жамоасига эса заҳирага “михланган” ҳужумчи эмас, балки ҳақиқий етакчи, сардор футболчи керак. Шунинг учун кўпчилик нашрлар Шомани “Рома”дан кетиши кераклигини таъкидламоқда. Бу нафақат ўзбек матбуотида, балки кўплаб хориж ОАВда ҳам таъкидланган. Россиянинг таниқли нашри “Championat.com” ҳам Элдорнинг “Рома”даги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Рома” Шомуродов ўрнига "Ювентус" юлдузини олиб келди

2019 йилда Жозе Моуриньо Осиё Кубогини шарҳлаш учун таклиф қилинди. Ўшанда мураббий "Манчестер Юнайтед" бош мураббийлигини тарк этган ва катта иштиёқ билан янги лойиҳага киришган эди. Ўшанда у Элдор Шомуродов ҳақида илк бор билган бўлса, ажабмас. Яна бир оз вақт ўтди ва португалиялик мутахассис ҳамда Элдор ўртасида шахсий учрашув бўлиб ўтди. Уни футболчининг агенти Герман Ткаченко ташкил қилган. Шунда Элдор Жозе Моуриньо ўзини, балки қайд этган статистикасини ҳам билишидан ҳайратда қолганини яширмаган. Эсдалик сифатида улар бирга селфи тушишди. Шомуродов хурсанд, чунки у болалигида “Челси”га мухлислик қилган ва ўша пайтда Лондон клубига айнан Жозе устозлик қилган эди.

Бир-икки йил ўтиб, бу шахслар бир клубда ишлашини кўпчилик тахмин қилмаган бўлса керак. Бироқ бу амалга ошди. “Женоа”да 2020/21  йилги мавсумни ажойиб ўтказган Элдор ўтган йили “Рома”га трансфер қилинди ва ушбу жамоанинг мураббийи Моуриньо эди.

Аммо бу йил ижтимоий тармоқларда "Рома" устози раҳбариятга Шомуродовни ўз жамоасида кўрмаётгани ва уни трансферга қўйиш кераклигини айтгани ҳақида маълумотлар пайтди бўлди.  

Бу ҳақда илк бор “Corriere Dello Sport” нашри хабар берди. Унга кўра, "Рома" Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчисидан тезроқ қутулмоқчи, чунки Элдор мавсумолди йиғинда мураббийлар штабини ҳайрон қолдирмаган. Аввалига клуб раҳбарияти омадсиз мавсумдан кейин ҳам футболчига имконият бермоқчи эди. Афтидан, Шомуродов буни оқламади. Нашрнинг ёзишича, Элдорни А Сериянинг бошқа клублари сотиб олиш борасида таклиф жўнатган. Бироқ унга қизиқиш у қадар катта эмас.

Шомуродовнинг кетишига асосий сабаблардан бири Пауло Дибаланинг “Рома”га келишидир. Аргентиналик футболчи “Ювентус”ни текинга тарк этганидан кейин “бўрилар”ни танлашини кўпчилик кутмаган эди. Лекин бунда Моуриньо катта рол ўйнагани айтилмоқда. У шахсан Дибалага қўнғироқ қилиб, янги мавсумдаги вазифалар ва амбициялар ҳақида гапирган. У жамоани аргентиналикнинг атрофида қуришга ваъда берди. Музокаралар давом этди ва якунда барчаси ижобий якунланди. Умуман олганда, “Рома” ёзги трансфер ойнасида ажойиб харидларни амалга оширмоқда. Клуб Жозенинг деярли барча талабларини қондирди. Зеки Челик "Лилль"дан, Миле Свилар "Бенфика"дан, Неманья Матич эса "Манчестер Юнайтед"дан таклиф қилинди. Дарҳақиқат, клубнинг асосий позициялари еткчи ўйинчилар билан тўлдирилди. Мураббий учун эса топ-даражадаги футболчиларнинг бўлиши — янги имкониятлар эшиги очиш.

"Рома"ни аллақачон бир нечта футболчилар тарк этишган, Италия нашрларида эса Шомуродов кейингиси бўлиши мумкинлигига ишончи комил. “Рома” 5 та ўртоқлик учрашуви ўтказди ва шуларнинг 4 тасида Элдорга имконияти берилди. Гарча, у мазкур баҳсларда бир гол ва бир ассист муаллифига айланган бўлса-да, мураббийда катта таассурот қолдира олмади. Шу сабабли, барча саволнинг жавоби кетиш бўлиши мумкин: клуб трансфер ойнаси тугагунча кутиб туради ва энг яхши таклифлардан бирини танлайди.

Ўтган мавсумда Шомуродов қандай ўйнади?

Ўтган мавсум Жеко “Рома”ни тарк этиб, “Интер” билан шартнома имзоалди. Рим клуби эса босниялик футболчининг ўрнига Элдор харидини амалга оширди, лекин Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳеч қачон “янги Жеко” бўла олмади. Кўп нарса Моуриньо яхши учун таниш бўлган Тэмми Абрахамни жамоага келиши билан боғлиқ. Шундай қилиб, мавсум бошида Шомуродовга ишонч билдирилди, ҳатто Европа Конферениялар лигаси саралашида гол ҳам уришни уддалади. Аммо шундан сўнг у захира ўриндиғига “михланди” ва асосан ўйин якунланишига бир неча дақиқа қолганда майдонга туширилди. Умуман олганда, Шома тўққиз ой ичида атиги бешта гол киритди - бу “Рома” учун кутилган натижа эмас.

Моуриньо қачондан бошлаб Шомуродовдан норози бўлишни бошлади?

Италия А сериясининг 21-тури доирасидаги баҳсда "Рома" "Ювентус"га қарши майдонга тушди. Римликлар ўйиннинг 70-дақиқасига қадар 3:1 ҳисобида олдинда кетаётган эди. Кейин майдонга Шомуродов тушди ва ўйин 3:4 ҳисобида якунланди. Моуриньо ҳаммани, шу жумладан, Элдорни ҳам жиддий танқид қилди. "Рома" мухлислари эса у ҳақида турли хил фикрларни билдиршди: унда истеъдод бор, лекин руҳий устунлик йўқ.

Баҳорда Шомуродов ўйин вақти камлигидан норозилигини омма олдида билдирди

“Рома”даги ўйинимдан норозиман. Мен кўпроқ ўйнашни хоҳлайман. Моуриньо билан муаммом борми? Йўқ, Жозе билан муносабатларим яхши. Ҳа, аввалгидек эмас, лекин бари-бир Моуриньо билан орамизда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ. Клуб билан шартномам бор. Агар кўпроқ ўйнасам, жамоада қоламан. Аммо энди менда захира ўриндиғида ўтиришни истамайман”, - дея футболчининг сўзларини келтиради “RomaPress.net” нашри.

Кейинчалик Элдор бу гапларни инкор этди. Айтилишича, мутбуотда футболчини нотўғри тушунишган. Аммо кеч эди. Кейинги 10 учрашувда форвард бор-йўғи 83 дақиқа ўйнади. Шубҳасиз, бу Шомуродовдек футболчи учун етарли эмас. Бироқ, мавсум охирида яна умид учқуни пайдо бўлди. Бу машғулотлардаги машаққатли меҳнат билан боғлиқ эди. Футболчи тинимсиз меҳнат қилар ва бу мураббий эътиборидан четда қолмади. Шундай қилиб, ўзбекистонлик футболчи мавсум охиридаги бир нечта ўйинларда ва ҳатто “Фейеноорд”га қарши Конференциялар лигаси финалида ҳам захирадан майдонга тушди.

Бироқ, энди Элдорнинг “Рома”даги ҳикояси якунлангандек, гўё. Вариантлар кам: ё учинчи ҳужумчи бўлиб жамоада қолиш керак ёки бошқа клубда ўз омадини синаш зарур, дея фикр юритади “Championat.com”.

Маълумотларга кўра, “Сампдория” Элдорни сотиб олишдан манфаатдор. Аммо бунинг учун клуб аввал Франческо Капутони сотиши керак. Рус манбаларида эса ЦСКА Шомуродовни яна Россия премьер лигасига чорлаётгани айтилмоқда. Аммо булар шунчаки миш-миш. Чунки ҳали ҳеч қайси жамоа футболчимиз учун расмий таклиф юбормаган.

Кеча легионеримизнинг агенти Қаҳҳор Мўминов Шомани “Рома”дан кетиши мумкинлигини инкор этмади:

"Трансфер ойнаси вақтида турли хил вариантлар бўлиши табиий. Фақатгина бир нарсани айтишим мумкин: Элдор - "Рома" футболчиси. Қолган барчаси ОАВ тарқатган тахминлар, холос.  Ўзгариш бўлиши мумкин, мен ҳеч нарсани истисно қилмайман"

Италияда трансфер ойнаси 1 сентябрь куни якунига етади. Демак, “Рома” ва Элдор бир қарорга келиши учун етарлича вақт бор. Вазият қандай тус олади? Яқин бир ой ичида барчасига жавоб топамиз. Биз эса терма жамоамиз сардорининг фаолиятига омад тилаймиз.

 

“Championat.com” материаллари асосида Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!