Элдор Шомуродовнинг акаси Сурхондарё футболи учун қандай ўзгаришларни амалга оширмоқчи?

Яқинда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги делегация Сурхондарё футболини кўздан кечирди. Айтиш керакки, бу ҳудудда муаммо ва камчиликлар кўп. Табиийки, футбол тизимида ривожланиш сусайиб кетган. Шунинг учун Термизга қилган ташрифи давомида вилоят футболини оёққа турғазиш учун бир қатор ишлар амалга оширилиши юзасидан аниқ дастурлар ишлаб чиқилади. Шу билан бирга вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти ҳам ўзгарди. Эндиликда Санжар Шомуродов Сурхондарё футболи учун жавобгар шахсга айланди. Барчага маълумки, Сурхон ўлкасидан Бозоровлар, Дўрмоновлар, Шомуродовлар сингари футболимизда ном қозонган ўйинчилар етишиб чиққан. Ҳозирги вилоят футбол ассоциациясига янги вице-президент этиб тайинланган Санжар ҳам Шомуродоврлар сулоласи вакили ҳисобланади. У ҳозирда «Ростов»да тўп сураётган Элдор Шомуродовнинг акасидир. Фақат Санжарнинг футболдаги фаолияти муваффақиятли чиқмаган. 1991 йилда туғилган катта Шомуродов энди бутун эътиборини Сурхондарё футболини кўтаришга қаратади. Фурсатдан фойдаланган Санжар Шомуродов билан янги лавозимга тайинланганидан кейин суҳбатлашдик.

- Сизни Сурхондарё вилояти футбол ассоциациясига вице-президент этиб тайинланганингиз билан табриклаймиз. Лекин у ерда иш бошлашингиз кутилмаган хабар бўлди. Аслида ҳаммаси қандай юз берди?

- Аввало табрик учун раҳмат. Менга Тошкент вилояти футбол ассоциациясидан қўнғироқ қилиб, сизни масалангиз кўтарилади деб айтишди. Кейин у ерга бориб гаплашдим. Сурхондарё вилояти футбол ассоциацияси вице-президентлиги учун менинг номзодимни қўйишмоқчилигини маълум қилишди. Мен эса рози бўлдим. Кейин Равшан ака Эрматов Термизга борди. Ўша ерда Эрматов билан учрашдик. Натижада мени вилоят футбол ассоциациясига вице-президент этиб тайинлади. Сўнг Сурхондарёдаги барча футбол мактабларини кўздан кечириб, шароитлари билан танишиб чиқди. Ўзининг маслаҳатларини берди. Шундай қилиб, ишни бошладим.

- Элдор Шомуродовнинг акаси Сурхондарё футболини бошқаради, деган хабарлар кўпчиликда ўзига яраша реакция уйғотди. Натижада сиз бутун бошли вилоят футболи учун жавобгар шахсга айландингиз. Бундай лавозимда ишлашга тайёрмидингиз?

- Сурхондарё футболининг ичида анчадан бери юрганимиз боис қаерда нима борлигини яхши биламан. Худо хоҳласа, ҳаммасини эплаб кетаман. Ишни ҳам нимадан бошлашни биламан. Чунки шунинг ичида катта бўлганман. Тўғриси, вилоятимизда футбол анча пасайиб кетган. Шунинг учун ишни нолдан бошлашимиз керак. Вилоят ҳокими Тўра Боболов футболга жиддий эътибор беряпти. Шунинг учун биз ҳам вилоят футболини кўтаришга астойдил ҳаракат қиламиз. Энди аввалгидек бўлмайди.

Санжаор Шомуродов

- Равшан Эрматов вилоятдаги футбол тизимидан қониқмаганлиги учун ҳам футбол ассоциациясида ўзгаришга қўл уриб, сизга катта ишонч билдирди. Бу билан вилоят футболига янгича ёндашувни амалда жорий этмоқчи. Шундай экан, ишни нимадан бошламоқчисиз ва олдингизга қандай вазифалар қўйилди?

- Вилоят футболини кучайтириш учун биринчи навбатда болалар футболига эътиборни оширишимиз лозим. Ҳакамларни тайёрлашимиз керак. Чунки бизда ҳакамлик масаласи катта муаммолардан бири. Биздан ҳакамлар чиқмай қўйган. Боиси вилоятда иккинчи лига мусобақаси ҳам ўтказилмай қўйган. Шу боисдан вилоят чемпионатини ҳам йўлга қўймасак бўлмайди. Шунинг баробарида болалар футбол лигасини ҳам ташкил этишимиз лозим. Биринчи навбатда вилоятдаги ҳар бир туманда футбол жамоаларини шакллантиришимиз муҳим. Қўлдан келганича моддий техник базаларини яхшилашимиз ҳам керак. Бундан ташқари, малакали мураббийларни тайёрлаш ҳам асосий вазифаларимизга киради. Боиси, бизда ҳакамликдан ташқари мураббийлар етишмаслиги ҳам муаммо бўлиб турибди. Шунингдек, назоратчиларни ҳам кўпайтирмасак бўлмайди. Насиб қилса, келаси йили иккинчи лигамиздан бирор-бир жамоани про-лига мусобақасига қўйишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир бизда биргина Суперлигада «Сурхон» клуби бор холос. Бу жамоага эса маҳаллий ўйинчиларни етиштириб беришимиз керак. Ҳозир Сурхондарёда битта футбол академияси бўлса, яна қўшимча иккита академияни ташкил этишни дастурга киритдик.

- «Сурхон» қўшимча имтиёз эвазига Суперлигага чиқарилганини яхши биламиз. Аслида эса вилоят футболининг пойдевори бўлмаган, шундайми?

- Ҳа, шунақа. Масалан, «Насаф» ўзининг академияси тарбияланувчилари эвазига Суперлигада қатнашяпти. Уларда бирорта легионер ўйинчи йўқ. Биз қийналсак ҳам шу йўлдан юришимиз керак. «Насаф» ўзини-ўзи боқа оладиган жамоа. Ҳар йили академиясидан иқтидорли ёшлар чиқади. Бир нечталари бошқа клубларда ўйнашяпти. Бизда эса аксинча ўйинчи сотиб олинади. Чунки ўзимиздан кадрлар чиқмай қўйган. Ҳаттоки, ўзимиздан чиққан ҳакамлар ҳам бошқа вилоятларда юришибди.

- Кимлар, масалан?

- U-21 чемпионатида ва Тошкент вилояти чемпионатида Рустам Чориев ҳакамлик қиляпти. Биз уни Сурхондарёга қайтармоқчимиз.

Санжар Шомуродов4

- Шомуродовлар оиласидан кимлар футболчи бўлганини яхши биламиз. Отабек, Илҳом, Элдор…Лекин кўпчилик Санжар Шомуродов ҳақида билмаса ҳам керак. Табиийки, янги хабардан кейин энди сизга янада қизиқиш ортса ҳам керак. Яъни, аслида Санжар Шомуродов ким, деган саволлар янграмоқда. Кўпчилик эса сизни Элдор Шомуродовнинг акаси эканингизни билишмаса ҳам керак…

- Мен 2008 йилдан 2013 йилгача «Шўртан» жамоасининг ўринбосарларида ўйнаганман. Биринчи лигада Қашқадарёнинг «Косон» жамоасида ҳам ярим йил давомида ижарада тўп сурганман. Афсуски, «Шўртан»да жароҳат олганимдан сўнг икки йил футбол ўйнай олмадим. 2013 йили жароҳат туфайли катта футболдан бироз узоқлашганман ва 2015 йили Термиз Давлат Университетига ўқишга кирганман. Ўшанда Университетимизда футбол жамоасига мураббийлик қилдим ва ўзим ҳам ўйнадим. 2016 йили Республика «Камолот» Кубогида биринчи ўринни олганмиз. Ўша йили Жарқўрғон тумани жамоаси билан Самарқандда биринчи лига учун ташкил этилган пулькада қатнашиб, биринчи ўринни олдик. Шу тариқа, «Нефтчи-Жарқўрғон» биринчи лигага чиқди. 2017 йилнинг бошида Қашқадарё вилояти ҳокими Кубогида иштирок этиб чемпион бўлдик.  Кейин ўшанда жамоа номи «Сурхон» деб ўзгартирилган. Натижада мен ҳам про-лигада ўйнадим. Охирги ўйиним эса «Андижон»га қарши бўлганди. Ўша учрашув жанжал билан тугаганди ва мени мавсум охиригача четлатишганди. Шундан сўнг катта футболга қайтмадим. Асосан иккинчи лигада ўйнаб юрдим. Шунинг учун вилоят футболининг ички ҳолатини биламан. Бу йил ўқишни тугатдим ва мени янги лавозимга тайинлашди. Умид қиламанки, ишни яхши бажара оламиз. Лекин буни кутмагандим.

- Элдор билан ҳам гаплашган бўлсангиз керак. У сиз ҳақингиздаги янгиликни қандай қабул қилди?

- Ҳа, гаплашдим. Сурхондарё футболини кўтарайлик, яхши ишланг деди. У ҳам қараб турмайди, қўлидан келганича ёрдам беради. Отабек акадан (Шомуродов) ва яна бошқа тажрибали инсонлардан маслаҳатлар оламиз.

- Аслида охирги пайтларда Сурхондарё футболининг пасайишига нима сабаб бўлган?

- Вилоят чемпионатининг йўқлиги. Бундан икки йил олдин бўлганди, аммо ўшанда ҳам номигагина ўтказилган. Биринчи навбатда вилоят биринчилигини йўлга қўйиб олишимиз керак.

- Сурхондарёдан жуда яхши сулола вакиллари чақишган. Ака-ука Дўрмоновлар, Бозоровлар, Шомуродовлар ва яна бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Ўзбек футболида номи чиққан кадрларни етиштириб берган…

- Илгари вилоят иккинчи лигасида Жарқўрғонда ўйнаб юрган пайтимни яхши эслайман. У пайтлардаги вилоят чемпионати биринчи лигадан ҳам кучлироқ бўларди. Ўшанда ўйнагани ўйнаб кетди. Суперлигада ва бошқа жойларда тўп суришяпти.

- Элдор Шомуродовга бир қатор яхши таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитяпмиз. Сизнингча, у қаерга кетади?

- Ўзи ҳал қилади. Юраги қайси жамоани хоҳласа, ўша ерда ўйнаб кета олади. Масалан, «Ростов»ни ҳам ўзи танлаган. Бу клубдан таклиф бўлганида юраги шуни хоҳлади. Ҳа, у ерга борганда бошида қийналди, аммо кейин ўйнаб кетди. Шу боис ҳар доим ўзи ҳал қилгани яхши. Таклифлар устида агентлари ишлаяпти. «Ростов»да қоладими ёки кетадими, ҳаммаси мавсум тугаганидан кейин аниқ бўлади.

- Унга «конкрет» қаердан таклифлар бўлган?

- ЦСКА ва Германиянинг «Штутгарт» клуби қизиқиш билдирган. Дарвоқе, кейин Туркиянинг «Галатасарой» жамоасидан ҳам таклиф бўлган. Лекин ҳозир Элдор бошқа клублар ҳақида ўйламаяпти. Ҳали «Ростов» билан шартномаси бор. Боя айтганимдек, мавсум тугасин-чи, кейин ҳал бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
02/11/2019 12:23
Маладдес газига босинглар