Эмери Аарон Рэмзидан суперкаҳрамон ясай оладими?
Ads

Арсен Венгернинг бўшаб қолган ўрнига “Арсенал” Унай Эмери олиб келинди ва “тўпчилар” тарихида янги давр очиладиган бўлди. Бу сўнгги 22 йил ичида ҳечам содир бўлмаганди.

Нафақат клуб мухлислари буни ўзгача қабул қилишмоқда, “Арсенал” ярим ҳимоячиси Аарон Рэмзи ҳам бунга оптимистик қарамоқда.

Уэльс сафида Мексикага қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинидан кейин Рэмзи Эмери билан ишлаш тўғрисидаги саволга жавоб беришига тўғри келди: “Албатта. Мен у билан умуман гаплашмаганман. Аммо ўйлайманки, клуб учун бу айни вақтидир.”

Рэмзи амалдаги шартномасида имзоланган сўнгги 12 ойни бажаришга тайёрланмоқда ва унинг “тўпчилар” сафидан кетиши ҳақидаги шов-шувлар урчий бошлади.

Аммо 27 ёшли футболчининг мулоҳазаларига кўра, у жамоасига содиқлигини ва Эмери қўли остида ишлаб кўришни истаётганини кўрмоқдамиз.

Хўш, қандай қилиб Эмери Рэмзини энг яхши версиясига олиб чиқиши мумкин?

Қуйида “Арсенал”нинг янги бош мураббийи уни янги савияга олиб чиқиши мумкин бўлган уч вариант ҳақида сўз боради.

  1. Уни ҳужумга қўшиш

Ўтган мавсумда “Арсенал”нинг 21 ўйинида марказий ярим ҳимоячи вазифасидан ҳужумни қўлловчига айланганида жамоасига ижобий таъсир ўтказа олди. Рэмзи ҳужумларга қўшилиши билан кўпроқ таъсир ўтказиши мумкин.

Ҳужумчи ортида Месут Ўзил билан бирга ҳаракатланиш ўз ўйинининг барча жабҳаларини очиб беришига ёрдам бериши мумкин.

Ҳужум ортида ўйнаганда уэльслик футболчи рақиб жарима майдончаси олдида кўпроқ пайдо бўлади ва голлар уриш қобилиятини ҳам ўрганиб олиши мумкин. У барча мусобақаларни ҳисобга олганда, 12 гол уришга муваффақ бўлди. Шундан еттитаси Премьер Лига доирасида урилган. Шунингдек, у бир маротаба хет-трикка эришган.

Ўша хет-трик урган учрашувида Ўзил билан бирга “Эвертон”га (5-1) қарши баҳсда ҳаракат қилган эди. Ўзил – Рэмзи ҳамкорлиги билан “Арсенал”ни Москванинг “ЦСКА”сини ҳам йирик 4-1 ҳисобида мағлубиятга учрашига сабаб бўлган эди.

Хуллас, уни 4-1-4-1 ўйин схемасида ҳужум ортига ўтқазиш туфайли “Арсенал” ва Эмери Ремзидан максимал фойда олиши мумкин.

  1. Уни асосий яратувчига айлантириш

Бу йўл янги бош мураббий учун катта чақириқ бўлади. Ўзилни камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, Ремзи бу жабҳада ҳам клубига катта ёрдам бера олади.

Эмерининг севимли 4-3-3 ўйин схемасида битта “қора иш”ни бажарувчи футболчи билан ҳаракатланади. Ўзил гарчи беназир узатмалар бера олсада, унда ҳимоявий фазилатлар етишмайди.

Гранит Жака ёки эҳтимол янги трансфер эгаси билан ярим ҳимояни ташкил қилган Рэмзи рақиб жарима майдончасига қуйироқдан туриб ажойиб узатмаларни етказиб бериши мумкин.

Премьер Лиганинг поёнига етган мавсумида “Арсенал”нинг бирорта футболчиси Ремзидан (8 узатма) кўп голли узатмалар оширмаган. Фақатгина Ўзил у билан тенглаша олган, холос. Бироқ Ремзи бунга Ўзилдан 300 дақиқа кам ўйнаган ҳолда эришган.

Рэмзи шу билан бирга 28 бора хавфли вазиятларни вужудга келтирган.

  1. Уни Эвер Банега ролида ўйнатиш

Бошқа бир тактикада эса, Эмери “Севилья”да қўллаган 4-2-3-1 бўлиб, Рэмзини Эвер Банега бажарган вазифани топшириш бўлиши ҳам мумкин.

Эмери билан аввал “Валенсия”да кейин “Севилья”да бирга фаолият юритган аргентиналик футболчи ҳужумкор ярим ҳимоянинг марказий ролида бўлиб у ҳужумчи ортида ҳаракат қиларди.

Бундай ҳамкорлик меваси “Севилья”нинг кетма-кет Европа Лигаси совринлари билан ниҳоясига етганди. “Арсенал” ҳам янги мавсумда Чемпионлар Лигасига чиқиш учун бир вариант сифатида бунга кўз тикса керак. Боиси кучли тўртликка кириш борган сари қийинлашиб бормоқда.

“Севилья”да Эмери қўл остида 94 ўйинда иштирок этган Банега 12 гол уришга эришган. Шунингдек, ўз ҳисобига 9 голли узатмани ёздириб қўйган. “Арсенал” мухлислари бундан кўнгиллари ҳотиржам бўлса бўлади, Ремзи буни ундан яхшироқ уддалайди.

Эркин Ғайбуллаев тайёрлади