Энди "Андижон" клуби янги қароргоҳга эга бўлади

Айни пайтда Ўзбекистон Кубоги ярим финал ўйинига тайёргарлик кўраётган "Андижон" клуби тез орада ўз базасига эга бўлади.

“Андижон” футбол клубини яқин йиллар мобайнида ҳар томонлама ривожлантириш, брендини янада ошириш учун бир неча йиллик ишлаб чиқилган аниқ ва пухта лойиҳалар мавжуд ва тасдиқдан ўтган. Жамоанинг ривожланиш стратегиясида энг аввало клубнинг замонавий базаси барпо этилиши алоҳида белгилаб қўйилган. Бугун айнан шу масала бўйича сизларга маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Яқинда “Андижон” футбол клуби учун Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги сўлим, боҳаво жойда янги база қуриш ишлари бошлаб юборилган. Ер майдони салкам 4 гектарни ташкил қилади. Барчаси ФИФА ва ОФКнинг талаблари асосида қурилмоқда. Таъкидлаш керакки, барча ишлар қуруқ ер майдонидан бошланди ва ҳозирда жадаллик билан давом эттириляпти.

Янги базада гибридли иккита 65х105 ўлчамдаги майдонни яратиш ишлари бошлаб юборилган. Қолаверса, 80 кишига мўлжалланган 4 қаватли ётоқхона қад ростламоқда. Бундан ташқари, замонавий тиббий пункти ҳам мавжуд бўлади. Табиийки, бассейн, фитнес зал ҳам ушбу баазада мужассамлаштирилади. У ерда барча шароитлар яратилади.

Бир сўз билан айтганда, “Андижон” клубининг янги базаси Ўзбекистондаги энг яхшиларидан бирига айланади. Бу жой шундоққина сой бўйида жойлашган бўлиб, табиати ҳам ўзгача. Режага кўра, янги футбол базаси келаси йилнинг март ойига фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган", дея маълум қилмоқда клуб матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davlatbek Alibekov
28/08/2024 18:15
Жуда яхши ишга к,у'л урибсизлар Тангри Тало у'зи мададкор бу'лсин