
Энди ОКМКда иккита япониялик футболчи ўйнайди
ОКМК жамоаси навбатдаги трансферни эълон қилди. Олмалиқликлар япониялик Наоаки Сенагани ўз сафига қўшиб олди.
"Янги мавсумга тайёргарлик кўраётган ОКМК клуби селекция ишларини жадаллик билан давом эттирмоқда. Жамоа қишки трансферлар ойнасида осиёлик ҳужумкор ярим ҳимоячи — Наоаки Сенагани ўз таркибига қўшиб олди. 26 ёшли япон футболчиси марказий чизиқларда ҳар бир позицияда ўзини мукаммал намоён қила олиш қобилиятига эга.
177 см бўйга эга бўлган Сенага, фаолияти давомида Япония, Черногория ва Венгрия чемпионатларида ўзининг юқори даражадаги ўйинлари билан танилган. Унинг сўнгги жамоаси "Дебреcен ФК" клуби бўлиб, ўтган мавсумда 34 та ўйинда майдонга тушган. Шу давр мобайнида, яъни, Европадаги фаолиятида у 9 та гол уриб, 3 бор голли узатмаларни амалга оширган. Эндиликда, ОКМК ФК ва футболчи ўртасида 2 йиллик шартнома имзоланди.
ОКМК ФК раҳбарияти, янги футболчимизнинг жамоага қўшадиган салоҳияти ва юқори даражадаги профессионал маҳорати орқали клубимизнинг ғалабалари ва муваффақиятларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, унинг келажакдаги ўйинларда жамоа ўйинига қўшадиган ҳиссаси клуб муваффақиятларини янада юксалтиришига ишонч билдиради", - дейилади хабарда.
Фикрлар