"Энди "Турон" учун жонимизни бериб ўйнаймиз, рости, фаолиятимни "Навбаҳор"да якунламоқчи эдим" - Азим Аҳмедов

Тажрибали ярим ҳимоячи Азим Аҳмедов бу йилги чемпионатни Яйпаннинг “Турон” клубида ўтказишидан энди хабардор бўлсангиз керак.

Ўзи учун қадрдон ҳисобланган “Навбаҳор” билан хайрлашди. Шунинг учун футболчининг фаолиятида энди янги саҳифа очилади.

Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Аҳмедов расман “Турон”га кўчиб ўтганидан кейин у билан суҳбатда бўлди.

- “Турон” клубига ўтишингиз кутилаётганди. Ўтган сафар ҳам бу жамоадан таклиф олганингизни билардик. “Турон” билан шартнома имзолашингиз режалаштирилганмиди? Яъни, ҳаммаси шунга қараб кетаётганмиди?

- “Турон”га ўтишимга келсак, бош мураббий Бахтиёр ака Ашурматов билан яхши танишман. Бахтиёр ака туфайли мен шу даражага етганман, десам ҳам бўлади. Бош мураббий мени “Турон”га таклиф қилганида ўйламасдан боришга қарор қилдим. Мени ўйин услубимни, характеримни ўзи билади. Шунинг учун таклиф билан чиқишганидан сўнг иккиланмасдан “Турон”га бордим.

азим3_2

- “Пахтакор” ва “Навбаҳор”да ўйнадингиз. Муваффақиятларга эришдингиз. Биламизки, сиз совринлар ютишга чанқоқ футболчисиз. Шундай экан, “Турон”га ҳурматни сақлаган ҳолда мана шундай характерингиз билан янги жамоага мос туша оласизмикин?

- Гапингиз тўғри. Ростини айтсам, фаолиятимни “Навбаҳор”да якунламоқчи эдим. Жамоа билан совринли ўринларни эгаллаётгандик. Айрим сабабларга кўра у ердан кетишга мажбур бўлдим. “Турон”да ҳам яхши жамоа шаклланяпти. Футбол учун ҳамма нарса бор. Таркибга яхши ўйинчилар келяпти. Бу клубга жонимизни бериб, мухисларни хурсанд қилиб, яхши ўйинлар кўрсатишга келишиб олганмиз. Биз бу ерга вақт ўтказиш учун келмаганмиз. “Турон” учун бор кучимизни бериб ҳаракат қиламиз.

- “Турон”дан яна таклиф бўлганида сизни биринчи навбатда ўзига жалб қилган нарсаси нима бўлди?

- Аҳиллик. Бошликлар билан гаплашганимда ҳам буни сездим. “Турон” яхши клуб. Аҳиллик сабабли бу ерга келишга қарор қилдим. Энг муҳими шу.

азим22_1

- Бундан буёғига собиқ клубингиз – “Навбаҳор”ни янги мавсумда қандай тасаввур қиляпсиз?

- Билмадим, қанақа тасаввур қиламан? Ҳозир мен “Турон” футболчисиман. “Навбаҳор”га ҳам мухлислик қилиб турамиз. Лекин бундан бу ёғига фақат “Турон” ҳақида ўйлаяпман. Яхши ўйинлар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- Демак, “Турон” билан соврин ютиш ниятидасиз-а?

- Ҳа, Худо хоҳласа. Бу ерга бекорга ўтмадик. “Турон”да ўзимиздан из қолдиришимиз керак. Оддийгина бориб келавермаслигимиз лозим.

азим1_2

- “Навбаҳор”да сардор эдингиз ва шу билан бирга етакчи. Табиийки, “Турон”га ҳам ўша етакчи Азим Аҳмедов сифатида ўтдингиз. Янги жамоангизда ҳам яна сардорлик боғичи билан ўйнашга тайёрмисиз?

- Ҳамма нарсага тайёрман. “Турон”да сардор бўламанми-йўқми, муҳими, жамоамга ёрдамим тегса хурсанд бўламан. Сардор бўлмасам ҳам жамоада мухлислар ёқадиган ўйинлар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- “Турон”да ҳам сизни яа 7-рақамда кўрамизми ёки сиз учун рақамнинг аҳамияти йўқми?

- Худо хоҳласа, 7-рақамда ўйнайман. Бу рақам бўш турган экан. Шуни беришди. Яна 7-рақамда кўрасизлар.

азим2_2

- 2022 йилги мавсум сизда кўпроқ нимаси билан ёдда қолди янги мавсумдан нима кутяпсиз?

- 2022 йил қолган йилларга қараганда яхши ўтди. Чемпионлик охирги тургача ҳал бўлмади. Олдинлари бир неча тур аввалоқ маълум бўлиб улгурарди. Энг қизиғи, пастки ўринлардаги клублар юқори поғоналарда бораётган жамоаларга жиддий муаммолар туғдиришди. Қизиқарли чемпионат бўлди. 2023 йил ҳам шундай бўлади, деб ўйлайман. Ҳамма жамоа футбол ўйнашни билади ва бир-бирига муносиб қаршилик кўрсата оладилар.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!