Енгил атлетикада Токио Олимпиадаси учун биринчи йўлланмани қўлга киритдик
Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Марказий Осиё мамлакатларидан ташриф буюрган атлетлар ҳам баҳс олиб борган турнирнинг бугун ўтказилган бир қатор баҳслари терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланди.
Аёллар ўртасида баландликка сакраш секторида иштирок этган ҳамюртимиз Светлана Радзивил 1.96 метр баландликни забт этиб, олтин медаль қатори Токио Олимпиадаси йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Ушбу йўналишда Токио Олимпиадасининг нормавити айнан 1.96 метрни ташкил этарди. Ушбу йўналишда Надия Дусанова 1.85 метр билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.
Мусобақанинг эътиборли натижаларидан бирини Екатерина Воронина етти кураш баҳсларида қайд этди. 10 кун муқаддам Қатардаги жаҳон чемпионатида 6099 очко тўплаган Воронина бу гал 6238 очко жамғариб, мусобақанинг олтин медалига эга чиқди.
Шу тариқа Светлана Радзивил фаолиятида тўртинчи бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритмоқда. Радзивил бунгача Пекин (2008), Лондон (2012) ва Рио (2016) Олимпиадаларида ҳам иштирок этган эди. Эслатиб ўтамиз, бу терма жамоамизнинг Токио Олимпиадасига қўлга киритган ўн биринчи йўлланмасидир.
Манба: olympic.uz
Фикрлар