Энцо Фернандес ўзи тарбия топган жамоага 34 миллион евро олиб келди

Аргентинанинг “Ривер Плейт” клуби Энцо Фернандес “Бенфика”дан “Челси”га ўтганидан сўнг катта маблағга эга бўлди.

“Аристократлар” 22 ёшли аргентиналик ярим ҳимоячи учун лиссабонликларга 121 миллион евро тўлашини маълум қилди. “Ривер Плейт” эса бу сумманинг 25 фоизини олади. Боиси 2022 йилнинг ёзида Энцонинг “Бенфика”га ўтиши учун шартлар орасида шундан банд ҳам бор эди.

TyC Sports журналисти Сезар Луис Мерлонинг ёзишича, “Ривер Плейт” Энцони “Челси”га трансферидан 30 миллион евро олади. Бирдамлик тўлови механизми туфайли Аргентина клуби яна 4 миллион евро олади.

Маълумот учун, Энцо “Ривер Плейт” тарбияланувчиси ҳисобланади. У "Бенфика"га 2022 йилнинг ёзида 10+8 миллион еврога кўчиб ўтган.

Ушбу мавсумда ярим ҳимоячи "Бенфика" сафида барча турнирлар доирасида жами 29 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!