
Эрик тен Хаг янги жамоасида ишдан озод этилганига жиддий муносабат билдириб, баёнот билан чиқди
"Байер" бош мураббийлигидан озод этилган Эрик тен Хаг баёнот билан чиқди:
"Бугун эрталаб "Байер Леверкузен" раҳбариятининг мени лавозимдан четлатиш қарори мен учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлди. Лиганинг атиги икки учрашувидан сўнг мураббий билан йўлни ажратиш – бу мисли кўрилмаган ҳолат.
Бу ёзда жамоанинг илгарги муваффақиятларига улкан ҳисса қўшган кўплаб асосий футболчилар таркибни тарк этди. Янги, уйғун жамоа қуриш эса вақт ва ишонч талаб қиладиган ўта эҳтиёткор жараён. Янги мураббийга ўз ғояларини жорий этиш, стандартларни белгилаш, жамоани шакллантириш ва ўйин услубига ўз изини қолдириш учун имкон бериш керак эди.
Мен бу ишни тўлиқ ишонч ва энергия билан бошлаган эдим. Аммо афсуски, раҳбарият менга керакли ишонч ва вақтни беришни истамади. Бу ҳол мен учун жуда ҳам афсуслидир. Менимча, бу муносабат ҳеч қачон ўзаро ишончга асосланмаган.
Фаолиятим давомида ҳар бир мавсумда мураббий сифатида ишни охирига етказиш имконига эга бўлиб, жамоаларга муваффақият олиб келдим. Менга ишонган клублар ҳамиша совринлар ва ютуқлар билан тақдирланган.
Охирида "Байер Леверкузен" мухлисларига самимийлиги ва меҳри учун алоҳида миннатдорчилик билдираман. Жамоа ва клуб ходимларига қолган мавсумда омад ва муваффақият тилайман",– деди нидерландиялик мутахассис.
Комментарии