Евроосиё футбол конфедерацияси ташкил этилса, унинг биринчи мезбони Тошкент бўлади
Ads
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Дилшод Саидмуродов, Жўрабек Сабдаров ва Санъат Шариповдан иборат мутахассислари гуруҳи Россия футбол уюшмаси ҳамда профессионал футбол лигасида иштирок этаётган бир неча профессионал клублар билан музокаралар ўтказиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш ҳамда улар билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида жўнаб кетишгани ҳақида хабар берган эдик.

ЎФА мутахассислари гуруҳи Россия сафарини Россия премьер лигасининг амалдаги чемпиони бўлган Москванинг “Локомотив” футбол жамоаси ижрочи директори Алексей Киричек ҳамда ижрочи директор ўринбосари Дмитрий Иванов билан учрашув билан бошлашган эди.

Навбатдаги музокаралар Россия футбол уюшмаси вице-президенти, Россия профессионал футбол лигаси президенти Сергей Прядкин билан ўтказилди. Музокаралар бошида РФПЛ президенти ўзбекистонлик мутахассисларни хуш кайфият билан қарши олар экан, уларни Москвада кўриб турганидан мамнунлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг музокараларнинг амалий қисмига навбат берилиб, учрашувга РПФЛнинг аудит бўлими вакиллари ҳам таклиф этилди. РПФЛ Россия футбол лигасига тегишли ташкилот бўлиб, Россия премьер лигаси ўйинларини ташкил этиш ҳамда трансляция қилиш билан шуғулланади. Аввало сўз трансляциялар ҳақида бориб, РПФЛ улардан тушган маблағларнинг асосий қисмини клубларга ажратади. Бу суммадан фақатгина ҳакамларга ва қўмитанинг айрим харажатларини қоплаш учунгина маълум бир фоизлар олиб қолинади. Россиялик мутахассислар футбол лигасининг ҳар бир бўлими ўз норматив ҳужжатлари ва регламентига эга эканлигини таъкидлашди. 

Шундан сўнг суҳбат Ўзбекистон профессионал футбол лигаси мисолида лигага қарашли бўлимларнинг иш ва сифат самарадорлигини ошириш учун зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида давом этди. РПФЛ вакиллари бу борада қўлларидан келган барча маслаҳат ва ёрдамларини ўзбекистонлик мутахассислардан аямасликларини айтиб ўтишди.  Клубларни лицензиялаштириш қанчалик тўғри амалга оширилса, уларни назорат қилиш шунчалик осон кўчиши ҳамда ҳалоллик кучайиши рус мутахассислари томонидан алоҳида таъкидланди. Шунда клублар томонидан пул ўзлаштириш минимал даражага пасайиб, шаффофлик яққол кўзга ташлана бошлайди. 

Музокара давомида Сергей Прядкин ўзбекистонлик мутахассисларга Евроосиё футбол конфедерациясини ташкил этиш таклифи билан чиқди. Ёши катта футболчиларнинг вақтлари тиғиз бўлишини ҳисобга олган ҳолда 15-16 ёшли футболчилар ўртасида мусобақалар ташкил этишни таклиф этди. Мутахассисларимиз ЎФА бу таклифдан хурсанд бўлишини ва мамнуният билан қўллаб қувватлаши эҳтимоли катта эканини айтишди. Ҳамда агар бу конфедерацияни ташкил этиш режаси амалга ошса, биринчи мусобақани Тошкентда ўтказиш кераклигини ҳам таъкидланди. Агарда бу ғоя амалга ошса, болалар футболи ривожига ҳам сўзсиз катта хисса қўшиши аниқ.

Прядкин сўзи охирида футбол Россияда ҳам худди Ўзбекистондаги каби давлат аҳамияти даражасидаги спорт эканлигини айтиб, 2030 йилгача Россия футболини ривожлантириш давлат дастури қабул қилинганини таъкидлади.

Шу билан бу дўстона учрашув ниҳоясига етди. Мутахассисларимизнинг Россияга қилган меҳнат сафарлараи давом этмоқда.