Европа ва Осиё клубларининг жиддий таклифларини нега қабул қилмади? "Бухоро"ни танлашига нима туртки берди?
“Бухоро” янги мавсум учун таркибини кучайтиришда давом этяпти. Куни кеча тажрибали ўйинчилардан бири Дилшод Жўраев билан келишувга эришишди.
1991 йилда таваллуд топган футболчи ўтган йилги чемпионатнинг биринчи даврасини “Бунёдкор”да ва иккинчи даврасини “Қизилқум” сафида ўтказди.
Таянч ярим ҳимоясида ўйнайдиган бу футболчининг “Бухоро” ўйинини кучайтириши кутилмоқда.
Яна шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, Дилшодбек янги мавсумни хорижда ўтказиши ҳам мумкин эди. Бироқ якунда кетмади ва яна шу ерда тўп суришда давом этадиган бўлди. Қолганини ўзидан эшитамиз.
“Бухоро”га ўтиши ҳақида
- “Бухоро” клубига ўтишимда бош мураббий катта роль ўйнади. Авваламбор, Ҳаким Қаюмович яхши инсон ва яхши мураббий. Асосий омиллардан бири шу бўлди. Худо хоҳласа, 2023 йилда “Бухоро” шарафини муносиб ҳимоя қилиб, қўлимиздан келганича клуб мавқеини юқорига кўтаришга ҳаракат қиламиз.
“Қизилқум”дан нега кетди?
- “Қизилқум”дан кетишимга келадиган бўлсак, аслида у ерда ҳам қолишим мумкин эди. Чунки жамоада яна тўп суришимни хоҳлашди. Аммо “Қизилқум”да молиявий тарафлама бироз қисқариш юз берди. Балки молиявий жиҳатдан ўзгариш бўлмаганида яна у ерда қолган бўлардим, деб ўйлайман.
Навоий жамоасидаги ярим йиллик фаолияти тўғрисида
- Навоий жамоасидаги ярим мавсум мен учун ёмон ўтмади. “Қизилқум”да яхши жамоа тузилганди. 5-ўринни эгалладик ва эшитишимча, жамоа тахминан 15-20 йилдан бери бу поғонанини банд этмаган экан. Кучли тўртталикка кириш учун “Қизилқум”га бир поғона етмади. Акс ҳолда Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш имконияти бўларди. Ачинарли тарафи шу бўлди.
Бошқа чақирувлар хусусида
- Мен учун яна бошқа таклифлар ҳам бор эди. Айниқса, хизматимга хориж жамоаларидан қизиқишлар бўлди. Арманистон клубидан таклиф тушди. Кейин Жанубий Корея биринчи дивизион қатнашчисидан ҳам чақирув бўлди. Молиявий томонлама ўзимиздагидан у қадар катта роль ўйнамагани учун Ўзбекистонда оиламни, ота-онамни ёнида қолишни хоҳладим. Ота-она ҳам ғанимат. Лекин 100 фоиз таклифлар эди. Бироқ юқоридаги сабабларга кўра бу жараён бироз чўзилди.
Янги клубидаги илк таассуротлари
- “Бухоро” жамоасидаги таассуротларим жуда илиқ. Йигитлар очиқкўнгил экан. Клубда олдин бирга ўйнаган акаларим ва укаларим ҳам бор. Келишимдан аввал улар билан мулоқот қилдик. Жамоага келсам хурсанд бўлишларини таъкидладилар. 2023 йилда “Бухоро”ни бежизга Суперлигага қайтмаганини исботлаб, иложи борича юқори ўринлар учун курашиб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар