Европанинг машҳур клуби Машарипов ҳужум чизиғини кучайтиришини кутяпти
Туркия Суперлигаси клублари трансфер бозорида фаол иштирок этмоқда. Мамлакат футбол федерацияси туркий давлатлар футболчиларини маҳаллий ўйинчилар мақомида бўлишини эълон қилганидан кейин турк клублари ўзбекистонлик чарм тўп усталарига ҳам эътибор қаратишни кучайтирди.
Ўтган мавсумда Суперлигада Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ягона вакили – Отабек Шукуров “Фатиҳ Карагюмрюк” клубида ўйнаган бўлса, яқинда “Ризеспор” марказий ҳимоячи Ҳусниддин Алиқуловни ўз таркибига қўшиб олди.
Энди турк матбуоти мамлакатнинг энг машҳур клубларидан “Трабзонспор” Жалолиддин Машариповни нишонга олгани ҳақида ёза бошлади.
Нуфузли манбалардан бири – www.mansettespor.com сайтининг ёзишича, бир ой муқаддам “Саутгемптон”дан трансфер қилинган хорватиялик чап қанот ҳужумкор футболчиси Мислав Оршичнинг оғир жароҳат олгани клубнинг трансфер сиёсатини тубдан ўзгартириб юборди.
Бош мураббий Ненад Белица айнан Оршичнинг ўрнига янги ўйинчи олиб келиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг талабига кўра, бу позицияга мос чарм тўп устасини қидираётган “Трабзонспор” мутасаддилари чап қанотдан ҳужумчи қўллаб-қувватлаб туришга қодир ўйинчи сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор футболчиси Жалолиддин Машариповни танлаган.
Жалолиддин Машарипов ўтган мавсумни Саудия Арабистони чемпионатида “Ан-Наср” жамоаси сафида ўтказди. Турк матбуоти ўзбек футболчиси Осиё футболига кўчиб ўтган Криштиану Роналдуга 7-рақамни берганига ва португалиялик юлдуз билан бир жамоада тўп тепанига ҳам алоҳида урғу қаратяпти.
Жалолиддин Машарипов “Ан-Наср”ни тарк этиши мумкинлиги ва воқеалар ривожи ана шундай натижа билан тугаса, ўзбек футболчиси “Трабзонспор”нинг асосий трансфер нишонига айланиши ҳақида Туркиянинг “Карадениз” газетаси ҳам ёзди.
Манбаларнинг таъкидлашича, “Трабзонспор” мураббийлар штаби Жалолиддин Машарипов узоқ муддатга сафдан чиққан Мислав Оршичнинг ўрнини босиш билан бир қаторда жамоанинг ҳужумкорлигини сезиларли даражада кучайтиришига ишонч билдирмоқда.
Қолаверса, турк футболи таҳлилчилари ўзбек футболчисининг универсаллик қобилияти, ҳужум чизиғидаги ностандарт ва самарали ўйин услуби “Трабзонспор” қўллаётган тактик схемаларга тўлиқ мос келишини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, Машарипов Ўзбекистон вакили сифатида Туркия чемпионатида легионер ҳисобланмаслиги ҳам унинг трансферида муҳим омил бўлиши айтиляпти. Бу “Трабзонспор”га легионерлар квотасидан унумли фойдаланиб, таркибга бошқа хорижлик ўйинчиларни жалб этиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, “Трабзонспор” бундан уч йил муқаддам Жалолиддин Машарипов “Пахтакор”да ўйнаб юрган кезлари уни ўз сафига қўшиб олишга уриниб кўрган.
Бироқ, ўшанда Тошкент клуби ўз етакчи ўйинчи учун 6 миллион евро бадал пули талаб қилгани бу трансфернинг амалга оширилишига тўсқинлик қилган эди.
Россия учун Ўзбекистон терма жамоаси билан ўйнаш қизиқ!
Шомуродовнинг устози келажаги ҳақида ҳеч ким кутмаган муҳим гап айтди!
Франция чемпионати бошланмоқда. Абдуқодир Ҳусановни нималар кутяпти ва у курашга тайёрми?
Россияда Файзуллаевни мақтаётганлар кўп, лекин айримларга бу трансфер ёқмаяпти!
Шомуродов: Мессига ҳеч қандай алоқам йўқ! (фото)
Легионеримиз ўзига жой танлади!
“Кальяри” етакчи футболчиси Шомуродов ҳақида нима деди?
Фикрлар