"Факел" бош мураббийи "Андижон"га қарши учрашувдан сўнг: "Рақиб жамоанинг ўйини менга ёқди"
Бугун Анталияда “Андижон” Россия премьер-лигаси вакили – Воронежнинг “Факел” жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди.
Қизиқарли ва голларга бой ўтган беллашувдан сўнг “Факел” бош мураббийи Дмитрий Пятибратов “Андижон” матбуот хизмати учун бироз вақт ажратди.
- Дмитрий Анатольевич, бугунги ўйиндан сизда қандай таассурот қолди?
- Яхши рақиб, яхши ўйин бўлди. Асосий таркиб ўйинчилари ёқди, тўп билан яхши ҳаракатланишди. Улар алмаштирилганидан кейин бизга анча енгиллик туғилди. Спарринг-рақибимиздан тўла қониқдим, тоза футбол ўйнашди. Бир-бирларини ҳурмат қилган ҳолда тўп суришди. Ўйин учун рақиб жамоага раҳмат айтаман.
- “Андижон” таркибида кўпроқ қайси футболчиларнинг ўйини ёқди?
- Йўқ, мен кимнидир ажратиб кўрсата олмайман. Умумжамоа сифатида ўйини ёқди, менга. Мазмунли ўйин намойиш этмоқда. Комбинациялар орқали ҳаракат қилишди ва “Андижон” ҳурматга лойиқ. Бундай яхши жамоа билан ўйнаш имкони бўлганидан хурсандман.
- Ҳисобда акс этган 4:1 натижасини кутмаганмидингиз?
- Биласизми, ҳозир ҳисобга қарайдиган пайт эмас. Асосийси, ўйин сифатини шакллантириб бориш. Иккала жамоа ҳам чемпионатга тайёргарлик кўрмоқда. Шунинг учун эътибор машғулотларга қаратилган. Бундай пайтда футболчиларни ҳаракатларини кузатиш муҳим саналади. Ҳозир ҳисоб ҳеч нимани ҳал қилмайди.
- Ҳозир қишки йиғин давом этяпти. Бош мураббий сифатида жамоангизда ўзбекистонлик футболчилар ҳам тўп суришини истармидингиз?
- Юқори савиядаги кўплаб ўйинчилар мавжуд, бу сир эмас. Айни пайтда барча позицияларимиз бўйича ўйинчиларимиз бор ва таркибимиз шаклланиб бормоқда. Бизнинг жамоада мутахассислар дунё бўйича барча футболчиларни кузатиб боришади. Агар таркибимизни кучайтирадиган ўзбек футболчилари жамоамизда бўлишса, бундан хурсанд бўламан, албатта.
- Умуман олганда, бизнинг футболимиз ҳақида таассуротларингиз қандай?
- Биз қозоқ, ўзбек ва тожик жамоаларини доим кўриб борамиз. Бу ердаги йиғинларда ҳам кузатамиз. Футболингиз ҳақида жуда яхши таассуротларим мавжуд.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар